7 январь куни Россияда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (ФБШ) нисбатан меҳнат фаолияти тўғрисида Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органини хабардор қилиш талаби кучга кирди. Янги қоида белгиланган санадан бошлаб ишлаш учун патент ҳужжатини оладиган шахсларга тегишли. Тасдиқланган билдиришнома шакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар веб-сайтида жойлаштирилган.
2023 йил июль ойида Россия ҳукумати чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритган. Жумладан, 13.3-модда патент олинганидан кейин икки ой ичида Ички ишлар вазирлигига ишга қабул қилиш тўғрисида билдиришнома юбориш талаби билан тўлдирилган. Ҳужжатга ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш учун меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномасининг нусхаси илова қилиниши керак. Агар фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси оғзаки тузилган бўлса, бу билдиришномада кўрсатилиши лозим.
Ҳужжат патент берган Ички ишлар органига шахсан топширилиши ёки олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан оддий почта орқали юборилиши ёки давлат хизматлари портали орқали электрон ҳужжат кўринишида юборилиши мумкин.
Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда, берилган патент бекор қилинади.
ℹ️ Россияда ишлаш учун патентни ФБШ ёки Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон фуқаролари, шунингдек, ушбу давлат фуқароси бўлмаган Латвия ва Эстония резидентлари олишлари керак. Ҳужжат бир ойдан ўн икки ойгача бўлган муддатга берилади. Амал қилиш муддати меҳнат мигранти белгиланган аванс тўлови шаклида шахсий даромад солиғини тўлаганидан кейин бир ой муддатга қайта-қайта узайтирилиши мумкин. Бунда патентнинг умумий амал қилиш муддати узайтиришларни ҳисобга олган ҳолда патент берилган кундан бошлаб ўн икки ойдан ошмаслиги керак.
👉 Белгиланган аванс тўлови миқдори учта пунктни ҳисобга олган ҳолда шаклланади: базавий ставка (1200 рубль), дефлятор коэффициенти (2024 йилда бу кўрсаткич 2,4) ва РФ ҳар бир субъекти ҳар йили мустақил равишда белгилайдиган минтақавий коэффициент.
Бу йил энг қиммат патент Якутияда — 12 957 рубль, энг арзони Чеченистонда — 2 880 рубль миқдорида бўлади. Москва ва Москва вилоятида тўлов миқдори 7500 рублни, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида — 4400 рублни ташкил этади.