Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари BBC рус хизматининг собиқ журналисти Анора Саркоровага нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи «Озоди» радиосига (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) маълум қилди.
Айни дамда Европада бўлган Саркорованинг айтишича, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси терговчиси Диловар Мамадлатиф 2 февраль куни унинг онасига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, у журналист «агар қайтиб келиб, кечирим сўраса» амнистия қилинишини айтган.
«Онам терговчи хонасига кирганида, унга иккита жиноий иш кўрсатилган. Бирида Рустамжон Жониев, иккинчисида Анора Саркорова исм-шарифлари кўрсатилган», — дейди журналист.
Саркорованинг айтишича, унинг онаси полицияга биринчи марта чақирилаётгани йўқ.
«Мен вояга етган, катта одамман, агар менга саволлари бўлса, юраги оғир кекса онамдан эмас, мендан сўрашсин. Ҳар бир бундай қўнғироқдан кейин онам ўзини ёмон ҳис қилади ва узоқ вақт касал бўлиб қолади. Қилмишларим учун болаларим ва онам эмас, ўзим жавобгар бўламан», — дейди Саркорова.
«Озоди»нинг ИИВдаги манбаси Саркоровага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, иш ҳолатлари билан таниш эмаслигини қўшимча қилган.
Журналистга кўра, унга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 1-қисми («Экстремистик фаолиятга оммавий даъватлар ва экстремизмни ошкора оқлаш») бўйича жиноий иш қўзғатилган. Саркорованинг турмуш ўртоғи Рустам Жони (Жониев), журналист ва Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги (ТБАВ) воқеаларни ёритувчи «Имруз» радиоси муҳарририга нисбатан иш аввалроқ қўзғатилган эди. У экстремизмга оммавий чақириқлар, экстремистик фаолиятни омма олдида оқлаш ва экстремизмни тарғиб қилишда айбланмоқда.
Саркорова ва унинг турмуш ўртоғи Тожикистонга ўз ихтиёри билан қайтган ҳолда ҳукуматнинг амнистиция қилишига доир ваъдасига нисбатан журналист аёл унга амнистия керак эмаслигини, чунки у ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганини, фақат Помир аҳолиси ҳуқуқлари ҳар томонлама поймол этилаётгани ҳақида ёзаётгани ва бу ишни бундан кейин ҳам давом эттиришини айтади.
ℹ️ Тожикистон расмийлари журналистларга босим ўтказаётгани ва сўз эркинлигини чеклаётгани учун мунтазам танқид қилинади. Сўнгги икки йилда – 2022 ва 2023 йиллари бу мамлакатда саккиз нафар журналист узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2021-2022 йиллари ҳукумат Тоғли Бадахшондаги тинч митингларни шафқатсизларча бостирди, касбий фаолияти учун қасос олиш мақсадида ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан сохта айбловларни қўллади ва мамлакатдаги кўплаб фуқаролик жамияти ташкилотларини тарқатиб юборди.