Туркманистон Бош прокурори ортидан Ашхобод шаҳри прокурори Овезмаммед Шихмаммедов ишдан бўшатилди. У ҳибсга олинди, деб ёзади Turkmen.news.
Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг 2 февраль куни эълон қилган Шихмаммедовни истеъфога чиқаришга доир фармонида прокурор «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани ва ишидаги жиддий камчиликлари учун» лавозимидан озод этилгани айтилади.
Turkmen.news манбаларига кўра, Шаҳмаммедовни қўлга олиш кечаси Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) ходимлари томонидан амалга оширилган, аммо ҳибсга олиш сабабларини ҳатто прокуратура ходимлари ҳам билишмайди.
Таъкидлаш жоиз, бундан икки ҳафта олдин Туркманистон Бош прокурори Сердар Мяликгулиев «ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани ва прокуратура ишини паст даражада ташкил этгани учун» деган ибора билан ишдан бўшатилганди. У бу лавозимда бор-йўғи бир ярим йил ишлаган, айнан ўша пайтда Ашхобод прокурори лавозимини аввалроқ пойтахтнинг Боғтиярлиқ этрапи (туман) прокуратурасини бошқарган Шихмаммедов эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йили Туркманистонда прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг ўнлаб ходимлари қўлга олинган эди. 2019 йили икки прокурорнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига сиздирилган бўлса, ўша йили ИИВ собиқ раҳбари Исгендер Муликов ҳибсга олинган эди.