Толиблар Туркманистондан электр энергияси ва афғон талабалари учун стипендияларни оширишни сўради

Афғонистон ва Туркманистон ТИВ раҳбарлари учрашуви. hronikatm.com сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий туркман ҳукуматидан Ҳирот вилоятига электр энергияси етказиб беришни кўпайтиришни сўради. Бу илтимос 26 февраль куни Туркманистон ТИВ раҳбари Рашид Мередов билан бўлиб ўтган учрашувда тилга олинди, дея хабар беради «Хроника Туркменистана» нашри Афғонистон ТИВ матбуот хизматига таяниб.

Муттақий аввали Туркманистон томони модернизация қилган Нур ал-Жиҳод электр станцияси орқали электр энергияси етказиб беришни кўпайтиришни сўраган. Туркманистон электр энергиясини қандай нархда етказиб бериши ҳақида маълумот берилмаган, аммо Tolonews хабар беришича, Афғонистон Савдо-саноат палатаси аъзоси унинг арзонлигини таъкидлаган.

Толиблар шунингдек:

👉 афғон тадбиркорлари ва транспорт ходимларига виза беришни соддалаштиришни;

👉 Турғунди-Ҳирот ва Андхой-Шибарғон темир йўл линиялари қурилишини Мозори Шарифгача давом эттиришга сармоя киритишни;

👉 Туркманистонда таҳсил олаётган афғон талабалари учун стипендияларни оширишни сўрашган.

Мередов ушбу илтимосларга розилик билдирган. Туркманистон ТИВ раҳбари Ашхободда ТАПҲ лойиҳаси (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувурининг Афғонистон қисмининг қурилиши) бўйича кўп ишлар амалга оширилганини ва ҳар икки давлат жамоалари яқин келажакда ҳамкорликда Афғонистонда қурилиш ишларини олиб боришини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 3-5 март кунлари Ашхобод шаҳрида Афғонистон ишлаб чиқарувчилари товарлари кўргазмасини, шунингдек, Туркманистон-Афғон бизнес-форумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

2021 йили Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов унинг мамлакати Афғонистоннинг янги ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш учун ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди. Ўша йили Мередов Кобулда толиблар билан ТАПҲ қурилиши бўйича музокаралар олиб борган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди