Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган U-18 Осиё ва Океания кубогида 10 та жамоа иштирок этади

«Ҳумо Арена». uza.uz сайти фотосурати

23-30 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган хоккей бўйича 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ва Океания кубогида 10 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон хоккей федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақада мезбонлардан ташқари Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қувайт, Макао, Малайзия, Мўғулистон, БАА ва Таиланд терма жамоалари иштирок этади. Иштирокчилар бешта жамоадан иборат икки гуруҳга бўлинган. Ҳар бир жамоа ўз рақиби билан биттадан ўйин ўтказади. Гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар олтин медал, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса бронза медали учун кураш олиб боради. Қолган иштирокчилар ҳам кучли ўнталикдаги ўринларни тақсимлаш учун плей-офф ўйинларини ўтказадилар.

Пойтахтдаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтадиган А гуруҳида Ўзбекистон, Таиланд, Эрон, Малайзия ва Қувайт ўсмирлар терма жамоалари куч синашади. Учрашувлари Самарқанддаги муз аренасида бўлиб ўтадиган В гуруҳида Мўғулистон, БАА, Ҳиндистон, Макао ва Индонезия терма жамоалари ўз учрашувларини ўтказишади.

Бу Ўзбекистонда IIHF шафелигида ўтказилаётган хоккей бўйича биринчи халқаро турнирдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўтган йилги мусобақа ғолиби сифатида мусобақани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

U-18 Осиё ва Океания кубоги иккинчи марта ўтказилмоқда. Биринчи турнир 2023 йил март ойида Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган ва унда олтита жамоа: Эрон, Мўғулистон, БАА, Таиланд, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этган. Ўшанда барча учрашувларда ғалаба қозонган Ўзбекистон жамоаси ғолиб бўлди. Турнирнинг энг яхши шайба урари ўзбекистонлик Жасурбек Рустамхонов бўлди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили кумуш медалларини қўлга киритган Туркманистон терма жамоаси бўлажак турнирда иштирок этмаяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ