Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 17 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-тожик инвестиция бизнес-форумида маълум қилинди.
Форумда таъкидланганидек, сўнгги саккиз йил ичида, яъни Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 бараварга ошиб, 2023 йили 750 миллион долларга етган, жорий йил бошидан эса яна 40 фоизга ошган, деб хабар беради Ўзбекистон ҳукумати портали.
Бугунги кунда икки давлат ҳудудида 370 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатаётган бўлса-да, 2017 йили уларнинг сони атиги 17 та эди. Муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналар орасида Хўжанддаги Zelal-teks ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқавуқчи корхона ва Душанбедаги Artel маиший техника ишлаб чиқарувчи корхона бор.
Ўзбекистон ва Тожикистон «Ойбек-Фотехобод» чегара пунктида савдо зонаси, «Андархон» савдо-логистика маркази, шунингдек, Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида иккита гидроэлектр станциясини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Қуйидаги соҳалар ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари ҳисобланади:
✅ металлургия;
✅ фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ўзлаштириш ва қайта ишлаш;
✅ шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантириш;
✅ гидроэнергетика;
✅ машинасозлик;
✅ электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
✅ агросаноат мажмуаси;
✅ енгил саноат.
Форумда умумий қиймати 135 миллион долларлик 14 та лойиҳани амалга оширадиган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясининг ўрни алоҳида қайд этилди.
Бизнес-форум якунлари бўйича машинасозлик, электротехника, энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика саноати каби соҳалардаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Пакет асосида томонлар ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун аниқ ижрочилар ва муддатларни ўз ичига олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқадилар.
ℹ️ Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан Тожикистонга келди. Ташриф доирасида хотин-қизлар форуми, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олимлар ва тарихчилар конференцияси, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди.