«Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистон ва Қозоғистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашганини қайд этди

yakutia.info сайти фотосурати

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти (RSF) анъанавий тарзда 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ҳар йили янгиланадиган «Жаҳон матбуот эркинлиги индекси»ни эълон қилди. Агар Марказий Осиёнинг постсовет республикалари ҳисобга оладиган бўлса, 2024 йилги рейтингда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг позициялари сезиларли даражада ёмонлашган.

Энг катта регрессия Ўзбекистонда қайд этилган; республика умумий рўйхатдаги 180 ўриндан 148-ўринни эгаллаб, 11 поғона пастга тушиб кетган. Таҳлилчилар 2016 йили мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият бироз яхшиланганига урғу беришган. «Мухбирлар»га кўра, хусусий телевидение тармоғи йўқ, радиостанциялар ва давлат томонидан молиялаштирилмайдиган бошқа оммавий ахборот воситалари блокланиш ва ҳатто ёпилиш таҳдиди туфайли ҳокимиятни танқид қилишдан қўрқишади. 15 га яқин онлайн нашрлар юқори сифатли контент яратади, бироқ кўпчилигининг таҳририятлари хорижда жойлашган. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи репрессив қонунларни бартараф этиш чораларини кўриши керак.

Қозоғистон янгиланган индексда саккиз поғонани йўқотиб, 142-ўринни эгаллаган. Тадқиқот муаллифлари, айниқса, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва видеохостинг сайтлари орқали контент тарқатувчи мустақил лойиҳалар томонидан яратилаётган онлайн янгиликлар сифати ошганини қайд этади. Шу билан бирга, расмийларнинг ОАВ устидан қонунчилик даражасида назоратни кучайтириш, жумладан, Ташқи ишлар вазирлигига «миллий хавфсизликка таҳдид» сабаби билан хориж нашрини аккредитациядан ўтказиш ҳуқуқини бериш ниятида экани хавотир уйғотади. Ҳисоботда, гарчи конституцияга кўра цензурага йўл қўйилмаса-да, бироқ у Қозоғистонда ҳамон мавжудлиги айтилади.

«Хорижий агентлар» тўғрисида қабул қилинган қонун ва муҳокама қилинган «ОАВ тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарамай, ўтган йилга нисбатан икки поғона юқорига кўтарилган Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи бўлиб қолмоқда. Республика 120-ўринни эгаллаган. Мамлакатда «нисбатан сўз эркинлигини» сақлаб қолиш орқали тараққиётга эришилган. Шу билан бирга, экспертлар ҳукумат давлат оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилиб, хусусий ва мустақил нашрларга босим ўтказишга уринаётгани учун келажакда вазият янада оғирлашиши мумкинлигини қайд этишади.

Тожикистон атиги икки поғона пастлаб, 155-ўринни эгаллаган. Бу ерда ҳеч нарса ўзгармаган: аксарият таҳририятлар Президент Эмомали Раҳмонни «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат етакчиси» деб атаган тарғибот материалларини чоп этишади. Ҳукумат сиёсатига рози бўлмаган журналистлар республикани тарк этишни маъқул кўради, агар қолишса, ўзларини-ўзлари цензура қилишга ўтишади, дейилади «Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботида.

Ва ниҳоят, Туркманистон бир поғонага кўтарилган бўлса-да, рейтингнинг «туби»га яқинроқ бўлиб қолмоқда – 180 ўриндан 175-ўрин. Таҳлилчилар мамлакатни дунёдаги энг ёпиқ мамлакат деб ҳисоблашда давом этиб, Интернетга киришдаги чекловлар аҳолининг аксарият қисмини режим назоратида бўлмаган манбалардан янгиликлар олиш имкониятидан маҳрум қилишини қўшимча қилишади.

Рўйхатда Туркманистондан пастроқда Эрон, Шимолий Корея, Афғонистон, Сурия ва Эритрея жойлашган.

Қўшма Штатлар бирданига ўн поғонани йўқотиб, 55-ўринда. Бошқа давлатлар сезиларли даражада пастроқ, бироқ улар йил давомида ўз позицияларини яхшилаган. РФ икки поғонага кўтарилиб, 162-ўринни эгаллаган, Хитой юқорига саккиз пағонага кўтарилган бу эса ва Индексда 172-ўринни эгаллаган.

Энг юқори қисмида глобал ўзгаришлар бўлмаган. Скандинавияликлар ҳамон пешқадамлик қилишмоқда – биринчи уч ўринни Норвегия, Дания ва Швеция эгаллаган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди