Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги элчихона маслаҳатчиси Сакен Мамашни турмуш ўртоғи Карина Мамашнинг оилада мунтазам зўравонликлар юз бераётганига доир видеомурожаатидан сўнг Бирлашган Араб Амирликларидан чақириб олди, деб ёзади «Курсив.kz».
«Биз бу ходимни зудлик билан Қозоғистонга чақириб оляпмиз. Кейинчалик унинг иши билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланади», — дейилади нашр хабарида.
Аёлнинг мурожаати «НеМолчи» жамоат фондининг Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида эълон қилинган.
«Менинг исмим Карина Мамаш Госмановна. Қозоғистон Республикасининг БААдаги элчи маслаҳатчиси бўлган турмуш ўртоғим кеча мени ва 3-чи куни мени кўргани келган синглимни калтаклади. Давлатимиздан ёрдам сўрайман. Мен жим бўлишдан чарчадим. Мен чидашдан чарчадим. 10 йилдан бери у мени зўрлаб, калтаклайди. Мен хавф остидаман, унинг ёнида болаларим ҳам хавф остида. Давлатимиздан ёрдам сўрайман. Менга ёрдам беринг», — дейди аёл ва эрини «дипломатик мақомидан маҳрум қилишни ва барча безориликлари учун қамоққа олишларини» талаб қилган.
Шунингдек, у ўзининг кўкариб кетган жойлари акс этган фотосуратларини тақдим этган.
Оиладаги зўравонлик мавзуси ҳозир Қозоғистонда яқинда қабул қилинган «Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун фонида кенг муҳокама қилинмоқда, қонунда уйдаги золимларга нисбатан жазо кучайтирилган. Бундан ташқари, собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаев томонидан унинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши республикада кенг резонансга сабаб бўлди. Бу иш бўйича суд жараёни ҳали якунланмаган.