Ўзбекистон 2024 йили 5 миллиард долларлик Россия инвестицияларини ўзлаштиради

tks.ru сайти фотосурати

2024 йили Ўзбекистон 5 миллиард долларлик Россия инвестицияларини ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республика президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Ўтган йили Россиянинг 3 миллиард долларга яқин инвестициялари ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

2023 йил якунига кўра Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 миллиард долларга етди, дея қўшимча қилади матбуот хизмати. Республикада 3 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Апрель ойи охирида икки давлат ҳамкорликда «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмасини ташкил этди. 2010 йилдан буён форум фақат Россияда ўтказилаётган эди, 2021 йили биринчи марта хорижда – Ўзбекистонда ўтказилди. Бу йил кўргазмада Россия, Ўзбекистон, Беларус ьва Хитойдан 400 дан ортиқ компания иштирок этди. Умуман, «Иннопром» доирасида 4 миллиард долларлик битимлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг сўзларига кўра, «бугунги кунда [Россия билан] қўшма лойиҳалар портфели 44 миллиард доллардан ошади».

ℹ️ Ўзбекистон Статистика агентлигининг 2024 йил биринчи чораги якунларига доир хабар беришича, Россия республикага сармоя киритиш бўйича иккинчи ўринда туради. Унинг улуши жами 13,8% ни ташкил қилади. Биринчи ўринда 23% улуш билан Хитой турибди. Кейинги ўринларни 8,5% билан Туркия, 7,2% билан Саудия Арабистони, 4,8% билан БАА ва 3,8% билан Германия эгаллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ