Эрон ҳукумати мамлакат президенти Иброҳим Раисий ҳалок бўлганини тасдиқлади

Иброҳим Раисий. presstv.ir сайти фотосурати

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва унинг вертолётидаги одамлар, жумладан, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ислом Республикаси давлат ОАВлари хабар берди.

Маълумотни Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий тасдиқлади. «Биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтамиз», деб ёзган сиёсатчи Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ва унда Раисий фотосуратлари ва видеоларига ҳаволалар берган.

ОАВнинг аниқлик киритишича, президент вертолёти қолдиқлари 20 май куни эрта тонгда топилган. Ҳаво танспортининг кўп қисмлари бутунлай ёниб кетган.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Раисий вертолёти Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида тошлоқ ерга қаттиқ қўнгани хабар берилганди. Ҳодиса оқибатида бортда бўлганларнинг барчаси, жумладан, давлат раҳбарига ҳамроҳлик қилаётган расмийлар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

Эрон Конституциясига кўра, биринчи вице-президент Муҳаммад Мухбир мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У 50 кун давомида республикани бошқаради, шундан сўнг ҳукумат президентлик сайловларини ташкил қилади.

ℹ️ 19 май куни эрталаб Иброҳим Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Улар Аракс дарёси чегарасида Қиз-Қалъаси тўғонини очиб, ушбу дарёнинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун иккита гидроэлектр мажмуасини ишга туширганлар. Кейин Эрон президенти Табризга учиб кетган, бироқ унинг вертолёти ўрмон ҳудудига қулаб тушган. Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлган, улардан иккитаси ўз манзилига эсон-омон етиб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ