ОАВ: Тожикистон хавфсизлик кучлари Тоғли Бадахшоннинг 50 га яқин аҳолисини ҳибсга олди

news.ru сайти фотосурати

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг (ТБАВ) Ванж туманидаги Язғулом водийсида рейд ўтказган ва унинг давомида 50 га яқин маҳаллий аҳоли қўлга олинган. Бу ҳақда Pamir Inside Телеграм канали минтақадаги манбаларига таяниб хабар беради.

Мазкур маълумотга кўра, хавфсизлик кучлари тахминан бир ҳафта олдин водийда текширув бошлаган. МХДҚ версиясига кўра, Язғуломда яшовчи фуқаролар қуролларни яшириб, қўпорувчиликка тайёргарлик кўришган. Манбаларнинг таъкидлашича, бу ҳақда ҳеч қандай далил келтирилмаган.

Оқибатда қўмита аъзолари 50 га яқин одамни ҳибсга олган, улардан камида 20 нафари Жамак қишлоғи ва 15 нафари Андарбак қишлоғи аҳолиси. Улар Душанбега олиб кетилган ва ўшандан бери алоқага чиқмаган.

Telegram-канал таъкидланишича, махсус хизмат вақти-вақти билан Язғулом водийсида рейдлар ўтказиб туради. Маҳаллий аҳоли ўта диндор ҳисобланади ва республика ҳукумати уларга қарши кўпинча экстремизм ва терроризм жиноятлари бўйича иш очади.

ТБАВдаги ҳибслар ҳақидаги маълумотни Azda TV телеканали ҳам ёзғуломликларнинг сўзларига таянган ҳолда тасдиқлайди. Нашр суҳбатдошларидан бирининг айтишича, пойтахтга кетаётиб, қўли кишанланган қишлоқдоши билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходими ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада иккаласи ҳам катта баландликдан дарёга қулаб тушган. Гувоҳнинг қўшимча қилишича, бу одамлар тирикми ёки ўликми, ҳозирча аниқ эмас.

Яна бир маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, унинг қўшниси YouTubeдаги видеога «лайк» босганини учун қўлга олинган. Қариндошлари гумонланувчининг қаерда экани ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилишган, аммо натижа бўлмаган.

Мазкур ОАВ манбаларининг фикрича, тожик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг мақсади аҳоли атрофида бирлашмаслиги учун «водийнинг нуфузли раҳбарларини синдириш» дан иборат.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг жорий рейди ТБАВ воқеаларига икки йил тўлаётган кунларда ўтказилаётгани бежиз эмас, деган фикрлар ҳам бор. 2022 йил май ойининг охирида минтақада халқ норозиликлари бошланганди. Республика ҳукумати аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, унинг давомида мухториятнинг 40 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти судланган.

Митинг ташкилотчиларидан бири сифатида журналист Улфатҳоним Мамадшоева номи тилга олинган. 2022 йил декабрь ойида аёл 21 йилга қамалган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ