Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга видеомурожаат йўллади. Таниқли сиёсатшунос 2002 йил декабрида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган республиканинг собиқ Бош вазир ўринбосари Борис Шихмуродов тақдирига оид ҳақиқатни ошкор қилишга чақирди.
«Жаноб Президент, сиздан менинг собиқ ҳамкасбим, тенгдошим – Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири, мамлакатингиз Бош вазирининг собиқ ўринбосари Борис Шихмуродовнинг тақдирига ойдинлик киритишингизни сўрайман. 2024 йил 25 май унинг туғилган куни. У 75 ёшга киради. Аммо биз — унинг дўстлари, рафиқаси, болалари ва набиралари — Борисни юбилей билан табриклашга имконимиз йўқ.
Бундан ташқари, биз у ҳақида 20 йилдан ортиқ вақт давомида ҳеч нарса билмаймиз. У тирикми ёки ўликми, билмаймиз. Агар тирик бўлса, унда қай ҳолатда. Агар тирик бўлмаса, қачон ва қандай шароитда вафот этганини билмоқчимиз», — дейди Аркадий Дубнов.
Унинг эслашича, Шихмуродов охирги марта 2002 йил декабрь ойи охирида бутун дунёга кўрсатилган — видеоёзувда у давлат тўнтаришига уриниш ва Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзов (Туркманбоши) нинг ҳаётига суиқасд уюштирганлик бўйича айбига иқрор бўлган. Шихмуродов ўлим жазосига ҳукм қилинган, кейинчалик бу жазо умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Ўшандан бери унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
«Жаноб Бердимуҳамедов, сиз жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси бўлган суверен, маданиятли давлатнинг ёш президентисиз. Сиздан инсонпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатишингизни ҳамда Борис Шихмуродовнинг оиласи, қариндошлари ва дўстларига қарийб 22 йиллик ноаниқликдан сўнг ниҳоят хотиржамликка эришиш ва нима бўлишидан қатъи назар, ҳақиқатни аниқлаш имкониятини беришингизни сўрайман», — дейди Дубнов видеомурожаатида.
ℹ️ Туркманистон матбуоти 2002 йил 25 ноябрда Сапармурод Ниёзов ҳаётига суиқасд қилингани ҳақида хабар берган. Ўша куни президент кортежи ўз қароргоҳидан Ашхобод марказига ҳаракатланган чоғида ўққа тутилган. Ҳужум натижасида бир неча киши жароҳатланган. Ниёзовнинг ўзи, унинг сўзларига кўра, суиқасд ҳақида президент саройига келгандан сўнггина хабар топган.
Бир неча соат ичида Ниёзов суиқасд уюштиришга буйруқ берганларнинг исмларини айтган ва мазкур ҳаракатни давлат тўнтаришига уриниш ва халқаро террорчилик акти сифатида баҳолаган. Суиқасд ташкилотчилари сифатида Борис Шихмуродов, собиқ Бош вазир ўринбосари Худайберди Оразов, Туркиядаги собиқ элчи Нурмуҳаммед Хонамов ва Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Сапармурод Иқлимовлар тан олинган.
Шихмуродов 25 декабрь куни ҳибсга олинган ва уч кундан кейин 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. 30 декабрь куни Туркманистоннинг олий вакиллик органи – Халқ Маслаҳати (Халқ Кенгаши) унинг жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирган. Бундан олдин Борис Шихмуродовнинг «иқрор бўлгани» кўрсатилган, унда, жумладан, қуйидаги сўзлар бор эди: «Биз Россияда яшаганимизда, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилардик ва маст ҳолатда террорчилик ҳаракати учун ёлланма аскарларни ёллаганмиз... Биз уюшган жиноий гуруҳмиз. Биз мафиямиз. Орамизда биттаям дуруст одам йўқ. Барчамиз нотавонмиз».
Худди шу суиқасд иши бўйича ҳибсга олинган ва америкаликлар бир неча ойдан сўнг Туркманистон қамоқхонасидан озод қилишга муваффақ бўлган АҚШ фуқароси Леонид Комаровский интервьюда маҳбуслар қийноқларга солингани ва психотроп дорилар билан инъекция қилингани ҳақида гапирган, шундан сўнг одам нима деяётганини эслолмайди, деган у.
Ўшанда 100 га яқин одам суиқасдга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган, 50 дан ортиғи қамоқхонага жўнатилган.
Борис Шихмуродов «Уларни тириклайин кўрсатинг» кампанияси томонидан олиб борилаётган Туркманистонда зўрлик билан ғойиб бўлган инсонлар рўйхатига киритилган.