Туркманистонлик фаол Алламурат Корханов етти йил аввал юз берган жанжал учун судланган

Туркманистондаги Абди-Шукур қамоқхонаси. turkmen.news сайти фотосурати

Туркманистонлик фаол Алламурат Корханов етти йил муқаддам муштлашгани учун тўрт йилга қамалган. Бу ҳақда Turkmen.news хабар беради.

Корханов 2021 йили судланган. Бироқ, ҳукм матни журналистлар қўлига эндигина тушган. Бундан келиб чиқадики, фаол жиноий иш қўзғатилишидан етти йил олдин содир бўлган жанжал учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шу билан бирга, жабрланувчи можаро тафсилотларини эслолмаган ва айбдор кимсани кечирган.

Мари вилояти Қорақум этрапи (туман) судининг ҳукмидан маълум бўлишича, 2014 йил август ойида (аниқ санаси айтилмаган) Қорханов ўзининг туғилган Эрез қишлоғида дўсти Таган Готуровдан 60 манат (тахминан 3 доллар) миқдоридаги қарзини қайтаришни талаб қилган. Готуров чорва боққани учун пул олгач, қарзини қайтариб беришини айтган. Жавоб Корхановнинг жаҳлини чиқаради ва у қарздорни сўкиб, бир неча бор уриб юборади. Натижада, терговга кўра, Готуровнинг айрим суяклари синиб, шикастланади.

Тергов материалларига кўра, Корханов танишига оғир тан жароҳати етказганини англаб, уни ўз уйига олиб келади ва онасидан Готуровга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни сўрайди. Судда онанинг айтишича, Готуров жароҳатларни йиқилиб тушгани билан изоҳлаган. Аёл муштлашув ҳақида фақат тергов пайтида билган. Жабрланувчи касалхонага ҳам, полицияга ҳам мурожаат қилмаган. Фақат 2021 йил июль ойида суд-тиббий экспертиза тайинланган, унда синган суяклар битиб кетгани аниқланган, аммо Готуров судда уни ҳафа қилган кимсини бутунлай кечирганини таъкидлаган.

Ишда Корхановнинг фирибгарлик ҳаракатлари ҳақида ҳам гап боради. Материаллардан маълум бўлишича, 2020 йил январь ойи бошида Корханов Язмуҳаммедова деган аёлдан 14 минг манат олиб, Туркияда иш топиб беришга ваъда берган. Натижада, ваъда бажарилмайди. Аёл пулни қайтариб беришни талаб қилади, бироқ Корханов унга атиги 2,2 минг манатни қайтаради. Ўшанда аёл унга қарши ариза ёзади (ишда аниқ сана кўрсатилмаган), шундан сўнг фаолнинг қариндошлари қолган пулни аёлга қайтариб беришади.

Бундан ташқари, ишда Туркманистон Жиноят кодексининг «Пора бериш» ва «Пора олиш» каби моддалари ҳам бор, бироқ бу ишлар тугатилиб, айбловлар олиб ташланган.

«Корхоновга шарт қўйилади: ё узоқ муддатга озодликдан маҳрум бўлади ёки баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказишда айби ва фирибгарлик қилганини тан олади. У иккинчисини танлайди ва 2021 йил 8 сентябрда Қорақум этрап судининг ўша пайтдаги судяси Довран Хўжамиродов тўрт йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм чиқаради», — деб ёзади Turkmen.news.

Нашр жиноят иши қўзғатилишининг асл сабаби сифатида Корхановнинг фаол бўлгани ва «Туркманистон демократик танлови» ҳаракати вакилларига видеофайллар юборганини кўрсатади.

Журналистларга кўра, жиноят ишини тайёрлаш билан Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги ва шахсан вазир ўринбосари Оразгелди Мередов шуғулланган. У, шунингдек, Нургелди Холиқов, Мурат Душемов, Хурсанай Исматуллаева ва бошқа фаоллар ишига ҳам раҳбарлик қилган.

ℹ️ 2023 йил май ойида Корханов Холиқов, Душемов ва Мурат Овезовлар билан биргаликда БМТнинг Туркманистондаги миссиясига мактуб йўллашга муваффақ бўлади. Маҳбуслар БМТ ходимлари билан шахсий учрашув ўтказилишини сўрайдилар. Мактубда шундай дейилган: «Бизга нисбатан руҳий ва жисмоний босим ўтказиш ёрдамида сохта жиноий ишлар уюштирилган. Биз ҳозирда LB-E/12 жазони ижро этиш муассасасида ноқонуний қамоқ жазосини ўтаяпмиз. Бизга қарши қонуний тартибсизликлар бу билан тугамайди. Ҳуқуқларимиз поймол қилинишда давом этмоқда. Бизни нафақат қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилишди, балки қонунда белгиланган қариндошларимиз билан учрашишимиз ва телефон қилишимизга оид ҳуқуқларимиз ҳам поймол этилмоқда».

БМТнинг Туркманистондаги доимий координатори Дмитрий Шлапаченко Turkmen.news сайти сўровига жавобан, мазкур масалани ўз раҳбарияти билан муҳокама қилаётганини ва ОАВ учун ҳеч қандай изоҳи йўқлигини айтган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди