Аёллар, Аҳмадинажод ва бошқа номзодлар Эрондаги президентлик сайловларига қўйилмади

Эрон президентлигига номзодлар. iribnews.ir сайти фотосурати

Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловларига 80 нафар номзоддан 6 нафари қабул қилинди.

Эрон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги сайлов штабининг вакили Моҳсин Эсламийнинг сўзларига кўра, Мажлис (парламент) спикери Муҳаммад Боғир Ғолибаф, Теҳрон мэри Алиризо Законий, Оятуллоҳнинг Ислом Республикаси Хавфсизлик Кенгашидаги вакили Саид Жалилий, Мажлис депутати Масуд Пезешкиян, Эроннинг собиқ прокурори Мустафо Поурмуҳаммадий ва мамлакат вице-президенти Ғозизода Ҳошимий саралашдан ўтган.

Исроилга қарши кескин баёнотлари билан танилган республиканинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод, шунингдек, «мўътадил» сиёсатчи саналмиш парламент собиқ спикери Али Ларижоний сайловларда иштирок этишга қўйилмаган. Эрон парламентининг бир неча собиқ аёл депутатларига ҳам президентлик пойгасида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, чунки Конституцияни қўриқлаш кенгаши сўнгги кампания давомида аёл киши президент бўла олмайди, деган қарорга келган.

Номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнгача давом этган. Сайлов комиссияси 278 кишидан атиги 80 нафар сиёсатчининг ҳужжатларини қабул қилган. Сайловлар 28 июнга белгиланган. Эрон президенти 4 йилга сайланади ва кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимда ишлай олмайди.

Эронда муддатидан олдин сайловлар мамлакат президенти Иброҳим Раисий жорий йил 19 май куни авиаҳалокатда вафот этгани муносабати билан эълон қилинган. Раисий Эроннинг 85 ёшли етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг асосий вориси ҳисобланган. Айрим экспертларнинг фикрича, Раисий ўлими Эронда ворислик инқирозини келтириб чиқариши мумкин, зеро президент вафотидан кейин Хаманаийнинг ўғли Можтабий оятуллоҳ лавозимига асосий даъвогар бўлиб қолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ