Туркманистонда мустақил сайтга сурат юборганидан сўнг қамалган фаол озод этилди

МУСТАҚИЛ САЙТГА ЖССТ ВАКИЛЛАРИ СУРАТИНИ ЮБОРГАН НУРГЕЛДИ ХОЛИҚОВ. TURKMEN.NEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Туркманистонда фуқаролик фаоли Нургелди Холиқов қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда turkmen.news мустақил сайти хабар берди.

Холиқов 2020 йили фирибгарликда айбланиб, кредитор олдидаги қарзини қайтармагани учун судланган. Бироқ, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу иш уйдирма эканига ишонишади ва Холиқов устидан суд жараёнининг асл сабаби turkmen.news билан ҳамкорлик қилганида, деб билишади.

Холиқов 2020 йил 13 июль куни turkmen.news сайтида COVID-19 билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Туркманистонга келган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакилларининг сурати пайдо бўлган куннинг эртасига ҳибсга олинган.

Суратнинг асл нусхаси 12 июль куни Ашхободдаги «Йилдиз» меҳмонхонаси бассейни бўйида ўтирган ЖССТ вакилларини суратга олган ашхободлик фуқарога тегишли бўлган. Қиз суратни ижтимоий тармоққа жойлаштирган ва у ерда у билан бир мактабда ўқиган Холиқов буни кўрган. У суратни turkmen.news таҳририятига юборган.

Эртаси куни, 13 июлда қиз ижтимоий тармоқлардаги дўстларидан Холиқовни ўчириб ташлайди, сўнг ундан ЖССТ вакилларининг суратини тарқатганми, деб сўрайди. Бир неча соат ўтгач, фаол полицияга чақирилган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

Turkmen.news таҳририяти бир неча кун давомида Холиқовнинг қаердалигини аниқлашга ҳаракат қилади, бироқ унинг қариндошлари «ҳозир [уларнинг] муаммолари кўп» эканини важ қилиб, нима бўлганини айтишдан бош тортишади.

15 сентябрь куни Ашхободнинг Боғтиярлиқ туман суди Холиқовни фирибгарлик билан боғлиқ сохта айбловлар билан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилади.

«ЖССТ миссиясининг Туркманистонда бўлгани сир бўлмаган ва расмий ОАВ томонидан ёритилган. ''Йилдиз'' меҳмонхонаси одамлар эркин суратга олишлари мумкин бўлган жамоат жойидир. Бироқ хавфсизлик хизматининг ғазабига суратни Instagramда эълон қилган қиз эмас, turkmen.newsга суратни йўллаган йигит дуч келган . Бошқача айтганда, Нургелди Холиқов мустақил матбуот вакиллари билан мулоқот қилгани учун жазоланган. Туркманистон қонунчилигида ҳам, айниқса, халқаро ҳуқуқда ҳам бундай хатти-ҳаракат учун асос йўқ эди», — деб таъкидлайди turkmen.news.

ℹ️ Нургелди тўрт йиллик жазони умумий режимдаги LB-E/12 колониясида ўтказган. Ҳозир бу ерда фаоллар Мурат Душемов, Алламурат Корханов, Мурат Овезовлар сақланмоқда, улар ўтган йили Холиқов билан биргаликда БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонасига ҳуқуқий қонунбузарликлардан ҳимояланишни сўраб хат ёзиб, жўнатишган. БМТнинг Туркманистондаги доимий координатори Дмитрий Шлапаченко turkmen.news сайтининг сўровига жавоб бериб, бу масалани ўз раҳбарияти билан муҳокама қилаётганини ва ОАВ учун ҳеч қандай изоҳи йўқлигини айтган.

Турли халқаро ташкилотлари ва Ғарб давлатлари сиёсатчилари Нургелди Холиқовнинг озод этилишини ёқлаб чиқишган. Бироқ, Туркманистон расмийлари нафақат мурожаатларга жавоб бермаган, балки turkmen.news иддао қилганидек, улар тўрт маҳбуснинг ҳаммасига нисбатан жазони кескинлаштирган. Масалан, ҳар сафар ОАВда Холиқовнинг ишини уйдирма экани масаласи кўтарилганида маҳбус жарима изоляторига жўнатилган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди