Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбари ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишда айбланиб ҳибсга олинди

Саиджафар Усмонзода. pressa.tj сайти фотосурати

Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишда айбланиб ҳибсга олинди, деб ёзади «Ховар». Мамлакат парламенти қуйи палатасининг 14 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида сиёсатчи депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган.

Бундан олдин Республика Бош прокурори Юсуф Раҳмон депутатларга Усмонзода ва бошқа бир қатор шахсларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 306-модда 2-қисми «в» банди («Мансабдор шахслардан фойдаланган ҳолда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар») билан иш қўзғатилганини маълум қиган. Ушбу моддада ўн беш йилдан умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2021 йил сентябрида Усмонзода «Паймони миллий Тожикистон»* (Тожикистон Миллий Альянси) ташкилоти раҳбари ўринбосари Шарофиддин Гадоев билан телефон орқали мамлакатдаги ҳокимиятни тортиб олиш масаласини муҳокама қилган. Гадоев ТИТП** («Тожикистон Ислом тикланиш партияси») раҳбари Муҳиддин Кабирий Усмонзодага пул билан ёрдам беришини ва «Жамоат Ансоруллоҳ»* ташкилотининг уч мингдан ортиқ жангарисини хориждан юборишини ваъда қилган.

«Саиджафар Усмонзода ўзининг жиноий режасини амалга ошириш учун мамлакатимиз ва хориждаги турли ижтимоий қатламлардан ўз тарафдорларини жалб қилган, гуруҳлар ташкил қилиб, уларнинг ҳар бирига муайян вазифаларни бажаришни юклаган. Олдиндан режалаштирилган режага кўра, улар мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида тезкорлик билан ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳарбий тузилмалар биноларини эгаллаб олиш, қурол-яроғларни қўлга киритиш ва ҳукуматни куч билан ағдаришни мақсад қилганлар»,дейди Бош прокурор.

Унга кўра, ҳокимиятни қўлга киритиш операцияси учун Усмонзода чет давлати вакилидан 10 миллион доллар сўраган.

«Усмонзода С.У.нинг айби [сиёсатчининг] айбига тўлиқ иқрор бўлган видео ва суҳбатлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа рад этиб бўлмайдиган далиллардан иборат жиноят иши материаллари билан тўлиқ тасдиқланади»,деди Юсуф Раҳмон.

ℹ️ Тожикистон Демократик партияси мамлакатда фаолият юритаётган етти сиёсий ташкилотдан биридир. Унинг раҳбари Саиджафар Усмонзода республика парламенти қуйи палатаси депутати бўлиб, ички ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари юзасидан тез-тез баёнот ва ташаббуслар билан чиқишлари билан ҳамкасбларидан ажралиб турган. Сиёсий ташкилотнинг 11 май куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида Усмонзода партия етакчилигидан четлаштирилган. Усмонзода қурултойни ноқонуний деб атаган ва бу борада республика Адлия вазирлигида эътироз билдириш ниятида эканини маълум қилган.

* Тожикистонда экстремист-террорчи сифатида тан олинган ташкилот

**РФ ва Тожикистонда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ