Туркманистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлай бошлади

Пахта терими. nova24.uz сайти фотосурати

Лебап вилояти ҳокими этрап (туман) қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарларини пахта ва бошқа экинларни етиштириш ва йиғиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

«Агар болалар далада учраб қолса, бунинг учун қишлоқ хўжалиги бирлашмаси раҳбари ва арчин (қишлоқ хўжалиги бирлашмасига сайланган бошлиқ. – «Фарғона» изоҳи) жавобгар бўлади. Шунингдек, улар ота-оналарга болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида хабар беришлари керак», — дейилади хабарда.

Қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарларидан қўшни томорқа ижарачиларни жамоаларга бирлаштириб, ҳар бир оиланинг томорқаларида навбатма-навбат ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш таклиф этилди. Ва агар ижарачилар ўғитларни ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олиб, квитанцияни тақдим қилсалар, қишлоқ хўжалиги корхонаси ҳосил учун тўловни амалга оширишда ушбу харажатларни қоплайди.

ℹ️ Туркманистонда қишлоқ хўжалиги ишларига анъанавий тарзда бюджет ташкилотлари ходимлари, баъзан эса мактаб ўқувчилари жалб қилинади. Жумладан, ўтган йили журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тайёрланган ҳисоботда пахта терими даврида мамлакат ҳукумати томонидан катталар ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилгани, далаларда меҳнаткашлар учун шарт-шароитлар яратилмагани, одамлар кўпинча очиқ жойда ётиб қолиб, теримда иштирок этишга мажбур бўлгани қайд этилган.

Ўтган йили Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) Туркманистондаги миссия якунлари бўйича ҳисоботида мамлакат пахта далаларида, жумладан, Лебап вилоятида одамларни теримга мажбурий ёллаш ва болалар меҳнатидан фойдаланиш аломатларини аниқлаганини маълум қилганди. Жорий йилнинг баҳорида Туркманистон ҳукумати ва ХМТ 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича йўл харитасини тайёрлади ва келишиб олди, унда пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш, жумладан, 18 ёшгача бўлган болаларнинг пахта далаларида меҳнат қилишини тақиқлаш бўйича аниқ чоралар кўрсатилган, зеро «бу уларнинг соғлиғи ва таълим олишига салбий таъсир қилади».

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди