Туркманистон АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига қарши кураш ҳисоботида энг паст баҳо олди

Пахта терими. vzglyad.uz сайти фотосурати

АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига қарши кураш агентлиги Туркманистонга кетма-кет тўққиз йилдан бери энг паст баҳо бермоқда. Бу ҳақда Turkmen.news Давлат департаменти ҳисоботига таяниб хабар беради.

Ҳисоботда айтилишича, Туркманистон одам савдосига барҳам бериш бўйича минимал стандартларга тўлиқ жавоб бермайди ва бу борада жиддий саъй-ҳаракатлар қилмаяпти. Шу билан бирга, Туркманистон ҳукумати томонидан бир қатор ижобий қадамлар қўйилгани, жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда пахта терими даврида мажбурий меҳнатга қарши «йўл харитаси» қабул қилингани қайд этилган.

АҚШ ҳукумати Туркманистонга мажбурий меҳнат сиёсатидан воз кечишни, жумладан пахта теримидаги давлат режасини бекор қилишни таклиф қилади. Америкаликлар, шунингдек, Туркманистон расмийларини Жиноят кодексининг 128-моддасида назарда тутилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фаол тергов қилиш ва ҳисобот беришга ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга алоқадор мансабдорга тегишли жазо чораларини кўришга чақиради.

Ҳисоботда айтилишича, Туркманистон бир неча йилдан бери одам савдоси қурбонлари, на бу қилмиши учун жазоланган шахслар ҳақида хабар бермай келади. Шу билан бирга, маҳаллий жамоат ташкилотлари томонидан 37 нафар мажбурий меҳнат қурбонлари – 19 нафар эркак ва 15 нафар аёл ҳамда секс савдодан жабр кўрган уч нафар аёлнинг шахси аниқланиб, уларга ёрдам кўрсатилган.

Қайд этилишича, Туркманистон фуқаролари кўпинча хорижда – онлайн мессенжерлар ва иш борасида фейк эълонлар туфайли одам савдоси қурбонига айланишмоқда ва ватанига келганларида уларнинг паспортлари олиб қўйилади. Туркманистонликлар энг кўп сафар қиладиган мамлакатлар — Туркия, Россия, Польша, Қозоғистон ва Ҳиндистондир. Одамлар асосан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида эксплуатация қилинади. Кўпинча эркакларни гиёҳванд моддалар савдоси билан, аёлларни эса жинсий алоқалар билан шуғулланишга жалб қилишади.

Шунингдек, сўнгги пайтларда Шарқий Европа, Жанубий Корея ва Камбоджа давлатлари ноқонуний миграция бўйича машҳур йўналишга айланаётгани қайд этилган. Туркманистон ҳукуматининг айрим хорижий молиявий операцияларни чекловчи чора-тадбирлари ва одамларнинг чет элга чиқишини чеклаши туркман фуқароларининг хориждаги заифлик даражасини янада оширмоқда.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди