1 июлдан Тожикистонда бюджет соҳаси ходимларининг маоши 40 фоизга ошди. Бу ҳақда республика президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларни ошириш тўғрисидаги фармони 2024 йил 9 январда имзоланган. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар, прокурорлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ойлик маошлари оширилган, бошқа тоифалар учун маошларни ошириш 1 июлга қолдирилган.
Эндиликда қуйидаги ходимларнинг маоши 40 фоизга ошган:
👉 ҳокимият ва давлат бошқаруви органлари;
👉 таълим, фан, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш муассасалари;
👉 ижтимоий ҳимоя соҳалари;
👉 ижтимоий ва бюджет соҳасидаги бошқа ташкилотлар,
👉 шунингдек, талаба стипендиялари.
1 июлдан энг кам иш ҳақи 600 сомонидан (56 доллар) 800 сомонига (75 доллар) ошди.
Худди шу кундан бошлаб суғурта, меҳнат ва ижтимоий пенсиялар, шунингдек уларга бериладиган мукофотлар индексланади ёки 30 фоизга оширилади.
Маошлар, стипендиялар ва пенсияларни ошириш учун давлат бюджетидан 2 миллиард сомонидан ортиқ (188 миллион доллар) пул ажратилган.
ℹ️ Охирги етти йил ичида Тожикистон иқтисодиётининг ривожланиш суръати ўртача 7,5 фоизни ташкил этган, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми эса бир ярим баробар ошди, деб эслатади «Азия-плюс». Аҳолининг нақд пул даромадлари 3,3 баробар ошган – 2017 йилдаги 37,2 миллиард сомонийдан 2023 йилги 112,7 миллиард сомонигача (жорий курс бўйича 3,5 миллиард доллардан 10,6 миллиард долларгача). Шу билан бирга, ўртача иш ҳақи икки баравардан ортиқ, пенсиялар миқдори эса 1,9 баробарга ошган.