Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Туркманистонга республикада учта онкология марказини қуриш учун 156,3 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда ИТБ расмий сайти хабар берди.
Туркманистоннинг Мари, Болқон ва Лебап вилоятларида онкология марказлари пайдо бўлади. Марказларнинг қурилиши ва малакали кадрлар тайёрланиши Туркманистон фуқароларининг юқори сифатли онкологик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
«Лойиҳа кунлик стационар хизматларини 33 фоизга оширади ва ҳар йили 11 750 нафар беморга онкологик ёрдам кўрсатишни яхшилайди, бу эса касалланиш ва ўлим ҳолатларини сезиларли даражада камайтиради», — дейилади хабарда.
ИТБ билан Туркманистонда саратон марказларини қуриш учун маблағ ажратиш бўйича келишув мавжудлигини ўтган йил октабрь ойида республика Халқ маслахати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Ашхобод «очиқ эшиклар» сиёсатини изчил амалга ошириб, йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ИТБ Туркманистонга маблағ ажратишдан ташқари, бир вақтнинг ўзида Туркия ва Суринамдаги ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришни ҳам маъқуллаган. Банк уч мамлакатдаги лойиҳалар учун жами қарийб 369 миллион доллар ажратган.
1994 йили Ашхободда Ислом тараққиёт банкининг филиали очилди. Бу минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга, жумладан, Эронга темир йўл ва Афғонистонга газ қувурини қуришга хизмат қилди. Ҳамкорлик даврида ИТБ Туркманистонга 26 та лойиҳа учун 1,3 миллиард долларга яқин маблағ ажратган. Улардан 16 таси, жумладан, 273 миллион долларлик алоқа операторлари тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилди.