Кураш бўйича Россия терма жамоасининг тожикистонлик мураббийи «терроризмга кўмак беришда» айбланиб ҳибсга олинди

Алишер Исматзода. msk-news.net сайти фотосурати

Тожикистонлик, эркин кураш бўйича Россия терма жамоаси катта мураббийи Алишер (Алишери) Исматзода терроризмга кўмак беришда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Тергов талаби қаноатлантирилиб, Исматзодага нисбатан 28 августга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танлансин», — дейилади Москва Шчербинский суди қарорида.

Мазкур иш терговчиси суд мажлисида Исматзоданинг қариндошларидан бири Сурияда жанг қилаётгани ва Тожикистонда терроризм бўйича қидирувда эканини айтган. Исматзоданинг ўзи муқаддам Тожикистон фуқароси бўлган ва ўз ватанида мустаҳкам алоқаларга эга бўлган.

Терговчининг сўзларига кўра, Исматзода террорчилик фаолиятида айбдор деб топилган ёки шу каби ишларда гумон қилинаётган шахсларга пул маблағларини ўтказган. Гап, хусусан, 1000, 9000 ва 100 рубл ўтказмалари ҳақида бормоқда.

Мураббийнинг ўзи судда на Сурияга кетган қариндоши билан, на радикал исломни танлаган шахслар билан мулоқот қилмаганини айтган.

«Мамедовга пул ўтказилган, у ўша пайтда оддий фуқаро, такси ҳайдовчиси эди, биз унга кураш кийими, кроссовкалар сотиб олганмиз... Мен ўзим анъанавий исломга эътиқод қиладиган оила аъзосиман», — деган Исматзода Мамедовнинг кимлигига аниқлик киритмаган ҳолда.

Унинг адвокатлари қайд этишича,

ҳақиқатан Алишерга кийим-бош учун унчалик катта бўлмаган маблағларни ўтказиш жинояти бўйича айблов қўйилган, шу билан бирга тергов бу транзакциялар бўйича қонунда белгиланган шаклда маълумотлар тақдим эта олмаган.

«Мижозимиз ҳеч қачон террорчилик ташкилотларига қатнашмаган ва иштирок этишни режалаштирмаган ҳам, у дунёвий ҳаёт тарзини кечирган, жамиятга мослашган, унинг уч нафар вояга етмаган фарзанди бор... Биз унинг айбсизлигини таъкидлаймиз», — деган адвокат. У Исматзодага нисбатан уй қамоғи тарзида эҳтиёт чораси қўлланишини сўраган.

ℹ️ ТАСС хабарига кўра, Алишер Исматзода Душанбе шаҳрида туғилган, 2015 йили Россия давлат жисмоний тарбия, спорт ва туризм университетини тамомлаган, эркин кураш бўйича Россия спорт устаси, юнон-рум кураши бўйича спорт усталигига номзод. Бир мунча вақт у Москва эркин кураш жамоасининг катта мураббийи бўлиб ишлаган, сўнгра эркин кураш бўйича Россия аёллар терма жамоасининг катта мураббийи бўлган. Охирги пайтлар у Россия ўсмир эркаклари терма жамоасининг мураббийи сифатида фаолият юритган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ