Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси туркман шоири ва файласуфи Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини концерт билан нишонлашга қарор қилди. Бу ҳақда Orient.tm хабар беради.
21 август куни Консерваториянинг Рахманинов залида «Дўстларни жамлаймиз» XVIII халқаро мусиқа фестивали доирасида Махтумқулига бағишланган «У чинакам Туркманистон овози эди» номли катта концерт бўлиб ўтади.
Концерт дастуридан туркман ва рус мусиқачилари ижросида Махтумқули Фироғий шеърлари асосида яратилган вокал ва чолғу композициялар, шоирга бағишланган асарлар ўрин олган. Жумладан, Юлий Мейтуснинг «Махтумқули» операсидан парчалар, Вели Мухатов, Чари Нуримов, Жерен Курбанкличева ва Нури Ҳалмамедовнинг Махтумқули шеърларига басталанган кўшиқлари янграйди. Шунингдек, Кирилл Вольков («Махтумқули шеърлари бўйича диптих»), Ровшен Непесов (скрипка ва чолғу ансамбли учун «Фироғий» достони) ва Айна Широва («Севги» романси) каби композиторларнинг жаҳон премьералари ҳам режалаштирилган. Кеча бастакор Мамед Ҳусейновнинг «Махтумқули Фироғий монологлари» операси билан якунланади.
Тадбир Москва консерваторияси ва Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси кўмагида бастакор Мамед Ҳусейнов томонидан ташкил этилмоқда. Концерт доирасида «Махтумқули мероси ва замонавий мусиқа санъати» маърузаси, китоб ва бадиий кўргазмалар ташкил этилади.
Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига Нури Ҳалмамедов номидаги «Дутор садолари» VIII Москва халқаро санъат фестивали қўмитаси ҳам эътибор қаратади. Қўмита Россия илмий ва маданий ташкилотлари ҳомийлигида ранг-баранг ва бой дастур тайёрлаган. Ундан «Сўз олами» китобхонлар халқаро адабий танлови, Махтумқулининг «Акс-садо» шеърларига битилган расмлар танлови, бастакорларнинг «Махтумқули Фироғий шеърларига битилган мусиқий асарлар» танлови, «Ҳикмат уруғлари: донишмандлар сабоғи» лойиҳа танлови ва «Махтумқули ва унинг жаҳон маданиятидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция жой олган.
ℹ️ Махтумқули Фироғий — ХVIII асрнинг иккинчи ярмида яшаган туркман шоири ва файласуфи, адабий туркман тилининг асосчиси ҳисобланади. У шеъриятда оғзаки нутқ ролини кучайтиради ва анъанавий араб-форс ўлчовидан воз кечиб, бўғин тизимидан фойдаланади. XIX асрнинг биринчи ярмигача Махтумқули асарлари созандалар ва бахшилар томонидан оғзаки етиб келган, кейин эса улар нашр этила бошлаган.
Туркманистонда ҳар йили 18 май куни Махтумқули Фироғийнинг уйғониш, бирлик ва шеърият куни нишонланади, бу дам олиш кунидир. Халқаро Турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) 2024 йилни «Турк дунёсининг буюк шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий йили» деб эълон қилди.