Марказий банк Россиядан товарлар импорти камайганини санкциялар ва тўловлар мураккаблашгани билан изоҳлади

plusworld.ru сайти фотосурати

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга Россия товарлари импорти деярли 5 фоизга камайган. Республика Марказий банки таҳлилчилари томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, маҳсулотлар импортининг камайишига санкциялар, шунингдек, тўловларнинг мураккаблашиши сабаб бўлган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, салбий динамика асосан Россияга қарши жорий қилинган савдо санкциялари билан боғлиқ. Ташқи савдо операциялари бўйича ҳисоб-китоб тизимининг мураккаблашуви ҳам муҳим рол ўйнаган.

Санкциялар мавзуси июль ойи охирида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов томонидан кўтарилганди ва у маҳаллий банклар доимий равишда регуляторни Россия ташкилотларига нисбатан чекловлар ҳақида хабардор қилиб туришини таъкидлаган эди. Расмийнинг сўзларига кўра, Марказий банк Россия Федерациясининг санкцияга учраган компанияларига алоқадор Ўзбекистон тадбиркорлик субъектлари ўз ликвидлиги ва активларини йўқотмаслиги учун бундай маълумотларни диққат билан кузатиб боради.

Агар тўлов тизими ҳақида гап кетса, халқаро экспертлар россиялик тадбиркорлар Марказий Осиё мамлакатларида транзакцияларни амалга оширишда дуч келадиган муаммолар ҳақида бир неча бор хабар беришган. Шу тариқа, июль ойида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳисоб-китоб қилишнинг ўртача даври икки ҳафтагача ошган. Бекор қилинган ўтказмалар улуши 30% га етган ва битта кредит ташкилоти ҳам тўловни амалга ошириши, ҳам операцияни рад этиши мумкин.

Ўзбекистон Марказий банки, ўз навбатида, июнь ойида республикадан Россияга товарлар экспорти, аксинча, 32,3 фоизга ошганини таъкидлайди.

Хусусан, сабзавот ва мева етказиб бериш 11 фоизга ошган. Гарчи тўқимачилик маҳсулотларини сотишда 6 фоизга пасайиш кузатилган бўлса-да, у Россия Федерациясига экспорт ҳажмининг ярмини ташкил этади. Таҳлилчилар кўрсаткичнинг пасайишини жаҳон бозорида пахта таннархининг пасайиши натижасида юзага келган нарх эффекти билан изоҳлашмоқда.

ℹ️ Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Россия республиканинг асосий савдо ҳамкорлари қаторида қолмоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг январь-июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ўсиб, 5,75 миллиард долларни ташкил этган. Бундан ташқари, 4 миллиард доллардан кўпроқ даромад Россия товарлари ва хизматлари импортига тўғри келади.

Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми бўйича Россия Федерацияси Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳисобот даврида Хитой билан ўзаро савдо кўрсаткичи 5,89 миллиард долларни ташкил этган, шундан қарийб 5 миллиард доллари ушбу мамлакатдан товар ва хизматлар етказиб беришга тўғри келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ