«Саидазиз медгородок» 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Саидазиз Сайдалиев. Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган криминал авторитет Саидазиз Саидалиевни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Айбдор жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди, дея аниқлик киритади UzNews.uz.

Сайдалиев республика Жиноят кодексининг олти моддаси билан айбдор деб топилган:

✔️ 242 («Жиноий уюшма ташкил этиш»);

✔️ 243 («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»);

✔️ 165 («Товламачилик»);

✔️ 168 («Фирибгарлик»);

✔️ 211 («Пора бериш»);

✔️ 277 («Безорилик»).

Аниқлик киритилишича, аввалроқ прокурор судланувчига 20 йил қамоқ жазоси сўраган, натижада суд ушбу талабни қондирган. Криминал авторитет ўз айбини қисман тан олган.

Аввалроқ, 19 июль куни яна бир криминал авторитет «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев устидан суд жараёни якунланган эди. У Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, унга гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш тайинланган.

ℹ️ 2023 йил ноябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш, қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани хабар қилинганди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда криминоген ҳолатини яхшилашга қаратилган, дея таъкидлайди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар бош бошқармаси.

Саидазиз Сайдалиевнинг ҳибсга олингани 2 декабрь куни маълум бўлди. Тергов маълумотларига кўра, у бир гуруҳ спортчиларни йиғиб, таҳдид ва безорилик йўли билан қарзларни «ундириш» билан шуғулланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ