Ўзбекистон Бош вазирининг Кобулга ташрифи чоғида 2,5 миллиард долларлик 35 та битим имзоланди

Ўбек-афғон музокарасида. ariananews.af сайти фотосурати

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 17 август куни бошланган Афғонистонга ташрифи доирасида томонлар умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган 35 та ҳужжат имзоладилар. Бу ҳақда Ariananews.af хабар берди.

Тўпламга 1,4 миллиард долларлик 12 та инвестиция келишуви ва 1,1 миллиард долларлик 23 та савдо шартномалари киритилган. Ҳужжатларни ўзбек томонидан Арипов, Афғонистон томонидан Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Барадар Охунд имзолади. Битимлар энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби соҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олади.

«Ушбу салмоқли имзолар Афғонистон ва Ўзбекистон раҳбариятининг минтақада иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича мустаҳкам сиёсий иродаси ва интилишидан далолатдир», – деди Барадар Охунд.

Икки давлат вакиллари учрашувида ўзаро савдо масалалари муҳокама қилинди. Томонлар жорий йили товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга, кейинчалик эса 3 миллиард долларга етказиш истагини билдирдилар.

Бундан ташқари, Арипов Афғонистон Бош вазирининг сиёсий ўринбосари Мавлавий Абдул Кабир билан музокаралар ўтказди, унда қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг турли масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ўзбекистонлик меҳмон ўз мамлакати Кобулни Трансафғон йўлаги – қиймати 4,8 миллиард долларлик темир йўл қуришда қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

Ўз навбатида, Кабир Ислом Амирлиги ТАПҲ ва CАSА-1000 каби йирик минтақавий лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканини айтиб, уларнинг амалга оширилиши Афғонистон барқарорлиги ва тараққиёти учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

«Толибон»* ҳукумати раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Кобул Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқмоқда. Сиёсатчининг таъкидлашича, унинг мамлакати Афғонистон ҳудуди қўшниларига хавф туғдирмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.

ToloNews хабарига кўра, Арипов Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисини тайинлаш бўйича ҳам ижобий қарор қабул қилинганини маълум қилган. Тез орада у ўз вазифасини бажаришга киришади, бу ҳақда расман эълон қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Кобулга ташрифи доирасида Made in Uzbekistan уч кунлик кўргазма очилди. Иқтисодиётнинг 30 га яқин тармоғидан 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини олиб келди. Кўргазма афғонистонликларда катта қизиқиш уйғотди, улар қўшни республикада ишлаб чиқарилаётган автомобиль, трактор, электр жиҳозлари, тиббиёт буюмлари ва бошқа товарлар билан танишдилар.

👉 Ариповнинг ташрифи 18 август куни нишонланадиган Афғонистон мустақиллигининг 105 йиллигига тўғри келди. Айнан 1919 йилнинг шу куни Англия-Афғон уруши якунлан ва Равалпинди тинчлик шартномаси имзолангандан сўнг қирол Омонуллахон мамлакат мустақиллигини эълон қилганди.

Шу муносабат билан Ислом Амирлигининг айрим юқори мартабали амалдорлари баёнотлар билан чиқиш қилдилар, бу баёнотларнинг моҳияти афғонлар ўз аждодлари жасоратини ёдда тутиши ва ўз суверенитети ҳимоясида доимо туриши билан боғлиқ бўлди. «Буни ҳамма аниқ эшитиши керак: биз ҳеч кимга зўрлик таъсирида, ҳеч қандай ном ёки унвон остида таслим бўлмаймиз. Биз бу заминда ислом тизимини ўрнатдик ва уни ўлимимиз ва сўнгги нафасимизгача ҳимоя қиламиз», — деди толиблар ҳукуматидаги Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ