«Астана» сенсацион тарзда Норвегия клубини мағлуб этиб, Конференция лигаси гуруҳ босқичига йўл олди

"Астана" футболчилари. sports.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг «Астана» футбол клуби Конференция лигаси сўнгги саралаш босқичи жавоб ўйинида Норвегиянинг «Бранн» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнирнинг гуруҳ босқичига йўл олди.

Ушбу рақиблар ўртасидаги бир ҳафта олдин Норвегияда бўлиб ўтган илк учрашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланганди. Қозоғистондаги жавоб ўйини олдидан Норвегия термасининг муваффақиятига кам мутахассислар шубҳа билан қараганди. Шунга қарамай, «Астана» характер кўрсата олди.

Биринчи бўлимда томошабинлар гол кўришмади. Биринчи гол 60-дақиқада киритилди: қанотдан оширилган тўпни «Астана»нинг нигериялик легионери Жоффри Чинеду боши билан дарвозага йўллади. 81-дақиқада нигериялик норвегиялик дарвозабоннинг хатосидан кейин дубл қайд этди. Орадан ўн дақиқа ўтиб эса, Чинеду ўрнига эндигина захирадан майдонга тушган Рамазон Каримов рақиб ҳимоячиларининг нотекис ўйинидан унумли фойдаланиб, майдоннинг рақиб ярмида тўпни ушлаб олди ва яккама-якка ўйинда тўпни голга айлантирди.

30 август куни Конференция лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. «Астана» учинчи саватчага жойлашди.

Бу йил гуруҳ босқичи янги форматда бўлиб ўтади. Бу барча 36 иштирокчи учун умумий бўлади. Ҳар бир жамоа олти хил рақиб билан тўқнаш келади (уч марта уйда, уч марта меҳмонда). Энг яхши саккизта жамоа тўғридан-тўғри 1/8 финалга чиқади.

«Астана» ФК Қозоғистоннинг еврокубокларда иштирок этишда давом этаётган ягона вакили ҳисобланади. Дастлабки босқичларда Чимкентнинг «Ордабаси», Қўстанайнинг «Тобол» ва «Ақтўбе» жамоалари муваффақиятсизликка учради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ