Қозоғистон ҳукумати Манғистауда мактаб ўқувчиларининг заҳарланишига оид терговни ўз назоратига олди

Манғистау виояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Манғистау вилояти Мунайлин тумани Бесшоки қишлоғида мактаб ўқувчиларининг оммавий заҳарлангани бўйича терговни ўз назоратига олди, деб хабар берди Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

9 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир Олжас Бектенов соғлиқни сақлаш, таълим вазирлари, шунингдек, Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибайнинг мавжуд вазият юзасидан ахборотини тинглади.

Айни пайтда 460 нафар бола шифокорлар назоратида, улардан 83 нафари касалхонага ётқизилган, иккитаси реанимацияда. Хабарда қайд этилганидек, жабрланганларнинг барчаси, жумладан, реанимацияда ётган болаларнинг аҳволи ижобий динамика бўйича барқарор.

Заҳарланиш белгилари билан шифокорларга мурожаат қилган барча болалар зарур ёрдам, шу жумладан психологик ёрдам олишмоқда. Воқеа жойида Қозоғистон Республикаси Таълим вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари ишламоқда. Жабрланганлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш бўйича ишлар ташкил этилган. Штаб-квартира кечаю-кундуз ишламоқда.

Эпидемияни локаллаштириш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида вилоятга «Фуқаролар саломатлиги миллий маркази ҳузуридаги республика Санитария-эпидемиология экспертиза ва мониторинг илмий-амалий маркази давлат корхонаси» филиали мутахассислари юборилган.

Ҳукумат раҳбари топшириғига кўра, бир ой муддатда республикадаги барча мактаб ошхоналарида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши назорат қилинади. Мазкур чора мактабларда овқатланиш хавфсизлигини таъминлаш ва бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган.

Бесшоки қишлоғидаги 8-мактаб ўқувчиларининг заҳарлангани ҳақидаги илк хабарлар 7 сентябрь куни пайдо бўла бошлаган. Қайд этилишича, биринчи сменанинг 1-4-синф ўқувчилари ошхонада заҳарланган. Болаларнинг иситмаси кўтарилиб, қорин оғриғидан шикоят қилишган.

«Синглим мактабдан чарчаб қайтди ва ухламоқчи эканини айтди. Кечқурун уйғониб, унинг кўнгли айний бошлади ва ҳарорати 39,2 ° С гача кўтарилди. Биз уни ўзимиз Манғистау қишлоғидаги касалхонага олиб бордик», — дейди қизнинг акаси Lada.kz нашрига.

Жабрланган 1-синф ўқувчисининг яқинлари Бесшоки қишлоғида шифохона тўлиб-тошгани ва навбат пайдо бўлганини маълум қилишган. У ерда, уларнинг сўзларига кўра, 50 дан ортиқ болалар бўлган. Улар Манғистау қишлоғидаги тиббиёт муассасасида 35-40 нафар мактаб ўқувчиларини кўришган. Оқтау шаҳри 26-кичик туманида жойлашган Манғистау вилоят болалар шифохонасига фарзандларини олиб борганлар ҳам бўлган. Жабрланган болаларнинг ота-оналари мактаб ўқувчиларини касалхонага ётқизиш учун тез ёрдам машиналари етишмаётганидан шикоят қилишган.

Заҳарланишга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. 8-сонли мактабда Жиноят кодексининг 304-моддаси, 1 қисми «Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш» бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Расмийлар таъкидлашича, айбдорлар жавобгарликка тортилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ