Қозоғистон Германияга «технология эвазига хомашё» тамойили бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Германия Федерал канцлери Олаф Шольц учрашувида Республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.
«Қозоғистон немис компанияларини биргаликда геологик қидирув ва ноёб ер металларини ишлаб чиқаришга таклиф қилади. Минтақада рудаларни бирламчи ва иккиламчи қайта ишлаш билан «технология эвазига хомашё» тамойили бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламан. Шу нуқтаи назардан, биз HMS Bergbau компаниясининг Шарқий Қозоғистон вилоятида литий қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича қиймати 500 миллион доллардан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга оширишини мамнуният билан қабул қиламиз. Биз Германия инвесторларига мамлакатимиздаги қимматбаҳо ва рангли металлар конларини қидириш ва ўзлаштириш учун қулай шарт-шароитларни тақдим этишга тайёрмиз»— деди Тўқаев.
Шунингдек, у «европалик ҳамкорлар кўмагида» Қозоғистон технологик прогнозлаш маркази негизида Ноёб ер металлари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Тўқаев энергетика соҳасини икки давлат ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналиши деб атади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Германия бозорига нефть экспортини оширишга тайёр. «Биз углеводородларни узоқ муддатли ва барқарор етказиб беришни таъминлаш учун немис ҳамкорларининг доимий ёрдамига ишонамиз», — деди у. Қозоғистон раҳбари бир кун аввал Остонада бўлиб ўтган Қозоғистон-Германия бизнес-форумида республика Европа Иттифоқига нефть етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини таъкидлаганди. Унинг тушунтиришича, бу «глобал энергия ресурслари тақчиллигини камайтириш учун» зарур.
Тўқаев Шольц билан бўлиб ўтган жорий учрашувда муқобил энергия манбаларига ўтиш, яъни водород энергетикасини ривожлантириш бўйича қўшма тадбирларни фаоллаштиришни ҳам таклиф қилди.
«Мамлакатимиз Ўзбекистон ва Озарбайжон билан биргаликда Каспий денгизи туби орқали Европа давлатларига «яшил» энергияни узатиш линиясини қуриш лойиҳаси устида ишламоқда. Биз немис ҳамкорларини ушбу стратегик лойиҳада иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишга таклиф қиламиз», — дея қўшимча қилди Тўқаев.
Германия канцлери Олаф Шольц 16 сентябрь куни расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун у Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Германия» иккинчи саммитида иштирок этди. Бундай форматдаги аввалги учрашув 2023 йил сентябрь ойида бўлиб ўтганди.