Ўзбекистон ИЦМ ва Туркия Ислом тадқиқотлари маркази ҳамкорлик тўғрисида келишиб олди

ИЦМ делегацисининг ISAMга ташрифи. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Туркиянинг Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM) раҳбарлари маданий алмашинув соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) матбуот хизмати хабар берди.

Марказ директори ва WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов билан бўлиб ўтган учрашувда ISAM раҳбари Муртазо Бедир Туркия ва Ўзбекистон ўртасида исломшунослик соҳасида илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади. Абдухолиқов, ўз навбатида, илмий марказларнинг ўзаро ҳамкорлиги зарур эканини тилга олди. Томонлар ислом цивилизациясини тадқиқ қилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшма тадбирлар ўтказиш имкониятларини, шунингдек, Ўзбекистон олимлари тўғрисида энциклопедия яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси ISAM фаолияти билан танишди. Илмий лойиҳа ва тадқиқот дастурлари муҳокамасига, марказнинг Туркиядаги исломшунослик йўналишидаги энг йирик кутубхоналарига алоҳида эътибор қаратилди. ISAM илмий-тадқиқот институти томонидан тайёрланган тарихий шахслар, ислом тарихи ва илоҳиётига оид кўп жилдли «Ислом энциклопедияси» тақдимоти бўлиб ўтди.

ℹ️ ISAM турк ва ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияси бўйича илмий тадқиқотлар билан шуғулланади. Марказнинг вазифаси мусулмон жамиятлари томонидан тўпланган илмий билим ва маданий меросни асраб-авайлашдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ