Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) «яшил» энергетикани ривожлантиришга 450 миллион доллар сармоя киритмоқчи. Уч йилга мўлжалланган «йўл харитаси» бир нечта объектларни, жумладан, қуввати 500 МВт бўлган фотоэлектр станциясини (ФЭС) ўз ичига олади, деб хабар беради Spot.uz.
Таъкидланишича, қуёш электр станцияси Тамдин туманида қурилади. Ушбу лойиҳа заводнинг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш дастуридаги энг йирик лойиҳадир.
Қурилиш икки босқичда амалга оширилади. Биринчиси, режага кўра, жорий йил охиригача якунланиши керак. Натижада йилига 374 миллион кВт/соатгача энергия ишлаб чиқариш имконини берувчи 220 МВт қувватга эга станция ишга тушади.
Йилига 476 кВт/соатгача ишлаб чиқариш қуввати эга 280 МВт бўлган иккинчи босқични ишга тушириш 2025 йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.
ФЭС асосан НКМК объектларини ресурслар билан таъминлайди.
«Йўл харитаси» йирик станция қурилишидан ташқари, завод корхоналарида фотоэлектр панеллари, қуёш сув иситгичларини ўрнатиш, шунингдек, энергия тежовчи технологияларни жорий этишни ўз ичига олади.
Бу борадаги ишлар аллақачон олиб борилмоқда. НКМК маълумотларига кўра, ўтган йили 1,2 МВт қувватга эга тизимлар фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида умумий қуввати 5,75 МВт бўлган фотопанеллар ўрнатиш ишлари якунланди.
«Ҳозирда қайта тикланадиган энергияга сармоя киритиб, узоқ муддатда операцион харажатларни камайтиришимиз, атроф-муҳит ифлосланишини олдини олишимиз ва «яшил» келажакни таъминлашимиз мумкин», – дейди Навоий корхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Евгений Антонов ташаббус ҳақида.
НКМК матбуот хизмати аввалроқ аниқлик киритишича, заводда ресурсларни тежаш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳужжатга кўра, жорий йили Ўзбекистондаги энг йирик корпорация 262 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ва қарийб 7,1 миллион куб метр табиий газни тежаш ниятида.