Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси депутатликка 30 мингга яқин номзодни рўйхатга олди

МСК МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 20 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида 29 минг 350 нафар фуқаро барча даражадаги депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингани таъкидланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Номзодлар Ўзбекистонда рўйхатга олинган барча сиёсий партиялар: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан илгари сурилган.

Жумладан, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатиш имконига эга бўлди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг қайд этишича, аввалги сайловларга нисбатан номзодлар сезиларли даражада ёшроқ бўлган: Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёшни, бошқа даражадаги депутатликка номзодларнинг ўртача ёши 44,4 ёшни ташкил этади.

Номзодларнинг мос равишда 99,3 фоизи ва 90,3 фоизи олий маълумотга эга.

Депутатликка номзодларнинг қарийб ярмини – Олий Мажлисда ишлашга даъвогарларнинг 44,7 фоизини, бошқа депутатлик мандатларига эса 42,5 фоизини аёллар ташкил этади.

Номзодлар орасида энг катта гуруҳ педагоглардан иборат бўлди: парламентга номзодларнинг 27,9 фоизи, кенгашлар ва Жўқорғи Кенгес депутатлигига даъвогарларнинг 36 фоизи.

Номзодлар орасида иқтисодчилар, муҳандислар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар кўп, тадбиркорлар, фермерлар ва бошқа соҳа вакиллари кам.

МСК матбуот хизмати номзодларнинг миллий таркибига оид статистик маълумотларни ҳам тақдим этди: Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.

«Номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратганини кузатиш мумкин. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий Кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда», — дейилади МСК матбуот хизмати хабарида.

Депутатликка номзодлар учун сайловолди ташвиқоти 22 сентябрдан бошланади.

ℹ️ Республика парламенти қуйи палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига сайлов 2024 йил 27 октабрда бўлиб ўтади. Уларнинг натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 150 нафари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг 65 нафар депутати, шунингдек, вилоят, Тошкент шаҳри ва 208 нафар туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари сайланади.

Парламент сайловлари илк бор аралаш сайлов тизими – мажоритар-пропорционал тизимда ўтказилади. 75 депутат бир мандатли сайлов округларидан мажоритар тизим бўйича (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари эса пропорционал тизим (номзодлар рўйхати учун овоз бериш) бўйича сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида ягона сайлов округи бўйича сайланади.

ℹ️ Ўзбекистонда аввалги парламент сайловлари икки турда – 2019 йил декабрь охири ва 2020 йил январь ойининг бошида бўлиб ўтганди. Уларнинг натижаларига кўра, ЎзЛиДеП энг кўп депутатлик ўринларини (150 тадан 53 таси) олган бўлса, қолган ўринларни «Миллий тикланиш», «Адолат», ЎзХДП ва Экологик партиялари бўлишиб олганди.