Ўзбекистон президенти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирини алмаштирди

Ўрнидан турган Ботир Зоҳидов, унинг чап томонида ўтирган Беҳзод Мусаев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ботир Зоҳидов Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Зоҳидовдан аввал вазир лавозимида ишлаган Беҳзод Мусаев Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига (ТММА) раҳбарлик қилади.

Мирзиёев Бандлик вазирлиги фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтади. ТММА Бандлик вазирлиги таркибидан чиқарилади ва бевосита ҳукуматга бўйсунади.

Президент жорий йили 500 минг, келгуси йилда эса 1 миллион кишини камбағалликдан чиқаришга қаратилган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури бошланганини маълум қилди.

Жумладан, ТММАга фуқароларнинг хориждаги юқори даромадли меҳнат бозорларига кириши бўйича бошланган ишларни жадаллаштириш топширилди. Ҳокимлар ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар хорижда меҳнат қилаётган юртдошлар тақдири учун агентлик билан тенгма-тенг жавобгар бўлиши белгиланди.

👉 Ботир Зоҳидов 42 ёшда, 2003 йили Тошкент молия институтини, 2008 йили Банк-молия академиясини тамомлаган. 2020 йилдан Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари, 2022 йил сентябрдан эса Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ