Россиянинг Ашхободдаги консуллиги Туркманистон фуқароларига туристик виза беришни тўхтатди. Боз устига, бу ҳолат сентябрь ойининг ўрталаридан бери кузатилмоқда, дея аниқлик киритади Turkmen.news нашри республикадаги ўз манбаларига таяниб.
Бу маълумотни дипломатик идоранинг хатти-ҳаракатлари сабабини айта олмаган бир неча киши тасдиқлаган. Таҳририят маҳаллий сайёҳлик компаниялари билан боғланган, у ерда ҳам Россия Федерацияси мамлакатга кириш учун рухсатнома беришни тўхтатганини тан олишган. Бундан ташқари, компаниялардан бири айнан консуллик ҳатто виза учун ҳужжатларни қабул қилишдан ҳам бош тортаётганини қўшимча қилган.
Тақиқ икки давлат расмийлари томонидан Туркманистон фуқароларининг Россияга ишлаш учун кетаётган оқимини камайтириш мақсадида келишилган, деган версия бор.
Лебап вилояти сайёҳлик агентлиги ходимлари жорий этилган чекловлар вақтинчалик экани ва 1 октябрдан бошлаб бекор қилинишини тахмин қилишади.
Журналистлар Россиянинг Ашхободдаги консуллигидан тушунтириб беришларини сўраган, бироқ дипломатик ваколатхонадан ҳозирча расмий жавоб олмаган.
Туркманистонда аввали ҳам республика фуқароларининг хорижга чиқиб кетишига қарши чоралар кўрилган. Шу тариқа, сентябрь ойи бошида Ашхобод аэропортида миграция хизмати ходимлари Россияга учаётган фуқароларнинг рус тилини билишини имтиҳон қилаётгани хабар қилинганди. Агар бирор киши берилган саволларни тушунмаса, унга мамлакатни тарк этишга рухсат берилмайди. Шу билан бирга, хавфсизлик кучлари йўловчиларнинг рус тилидан сертификати борлиги ёки бошқа давлатда ўқиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномалари бор-йўқлигини ҳисобга олмаган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу ҳолатда «юқоридан» оғзаки буйруқ берилган бўлиб, бу билан гўёки ёшларнинг Россияга бориш орқали махсус ҳарбий операцияга бормаслиги ёки ўша ерда қолиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинган.