Қозоқ олигархлари ихтиёридаги Кенгир сув омбори йил охиригача давлат мулкига ўтказилади

Кенгир сув омбори. Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги фотосурати

Улитау вилоятидаги (Қозоғистоннинг марказий қисмидаги) Кенгир сув омбори йил охиригача давлат мулкига қайтарилади. Бундай ваъдани вилоят аҳолисига республика Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов берди, деб хабар беради у бошқараётган вазирлик матбуот хизмати.

«Кенгир сув омбори вилоятнинг асосий сув манбаи бўлса-да, аҳоли сув сифати ва ундан норационал фойдаланишдан хавотирда. Объектдаги гидротехник иншоотлар ёмон аҳволда. Сув омборини давлат мулкига қайтаргач, уни кўп омилли экспертизадан ўтказамиз, барча муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирларини белгилаймиз», — деди вазир.

Мулозимнинг таъкидлашича, объектни давлат мулкига ўтказиш жараёни якунига етмоқда. Унинг «Казводхоз» республика корхонаси балансига ўтказилиши кутилмоқда.

Кенгир сув омбори Улитау ҳудудидаги энг катта сув омбори ҳисобланади. Унинг ҳажми 319 миллион куб метрни ташкил қилади. Уни давлатга қайтариш зарурати бир йилдан ортиқ муҳокама қилинмоқда. Жумладан, депутат Рисқали Абдикеров ҳукуматнинг 1996 йилдаги қарорига ишора қилган, бироқ унинг ижроси турли баҳоналар билан кечиктирилган. Абдикеров, шунингдек, сув омбори ва гидротехника иншоотлари «Казахмыс Дистрибьюшн» МЧЖга тегишли эканлигини айтган, деб ёзади Kursiv.kz.

«Казахмыс Дистрибьюшн» МЧЖ «Казахмыс» юридик шахслари гуруҳи таркибига киради. egov.kz маълумотларига кўра, «Корпорация Казахмыс» Kazakhmys Copperга тегишли бўлиб, унинг 100% акциялари Голландиянинг KCC B.V. холдингига тегишли. KASEда эълон қилинган хабарларга кўра, KCC B.V. да якуний назорат қилувчи шахс Владимир Ким (70%) ҳисобланади, 30% улуш эса корпорация бошқарувининг собиқ раиси Эдуард Огайга тегишли, деб ёзади нашр. Forbes.kz маълумотларига кўра, иккала ишбилармон Қозоғистоннинг энг бой йигирмата шахслари рўйхатига киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди