Қозоғистонда муддатли ҳарбий хизматга чақириладиган йигитлар сони минг нафарга кўпайди

ҚР Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар сони кўпайтирилди. Ҳукумат 16 февралдаги қарорига тегишли ўзгартиришлар киритди. Унга кўра, жорий йили республика Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларига муддатли ҳарбий хизматни ўташни кечиктириш ёки озод қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган 18 ёшдан 27 ёшгача жами 40 202 нафар фуқарони муддатли ҳарбий хизматга чақириш режалаштирилган.

Ҳужжатнинг биринчи таҳририда жорий йили муддатли ҳарбий хизматга чақириладиганлар сони 39 180 нафарни ташкил қилган. Қарорга киритилган ўзгартиришлар 26 сентябрь куни эълон қилинган ва кучга кирган.

Чақирув кампанияси Қозоғистонда икки босқичда — мартдан июнгача ва сентябрдан декабргача ўтказилади. Жорий йил баҳорида республика қўшинларига (Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати ва бошқалар) 20 мингдан сал кўпроқ аскарни чақириш режалаштирилган эди.

Кузги чақирув 1 сентябрдан бошланган ва 31 декабрда якунланади.

Сентябрь ойи бошида ҳарбий хизматчиларнинг шикастланиши ва ўлими ҳолатлари кўпайгани сабабли интернетда Қозоғистонда ҳарбий хизматни бекор қилишни талаб қилувчи петиция пайдо бўлди. Куни кеча мудофаа вазирининг тарбия ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Шайх-Ҳасан Жазиқбаев ушбу ташаббусга изоҳ берди.

«Ушбу тизим (муддатли ҳарбий хизматга чақирув – таҳр.изоҳи) орқали ёшларни тайёрлаб, захирага ўтказамиз. Агар мамлакат мустақиллигига таҳдид туғилса, уни ким ҳимоя қилади? Шартномали армия яхши, лекин у мамлакат бюджетига оғир келиши мумкин», — дея унинг сўзларини келтиради Tengrinews.kz.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди