Қирғизистон Президенти администрациясининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков сиёсатчиларни жамиятда ксенофобияни қўзғатиши мумкин бўлган ёлғон маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда миллатлараро адоватни қўзғатувчи постлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилмоқда. Бу ҳақда амалдор ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Ўрунбеков интернетда тарқатилаётган ишончсиз маълумотларга мисол келтириб, бундай ахборотларни, унинг сўзларига кўра, «президент бўлишни орзу қилаётган сиёсатчилар» тарқатаётганини айтди. Хусусан, улар республика ҳукуматини «Хитой мамлакатга бостириб кирди», «ерлар сотилмоқда», «ташқи қарз ошиб бормоқда» каби даъволар билан обрўсизлантиришга уринмоқда.
Президент администрацияси матбуот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, авваллари сохта хабарларни мухолифатдаги «Бутун Қирғизистон» партияси етакчиси Адахан Мадумаров, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари тарқатган бўлса, энди бу рўйхатга «Қамчибек Ташиев жамоаси» ҳам қўшилган.
«Агар ҳозир тўхтамасангиз, яқин орада етакчиларингиз билан бирга ҳибсга олинасиз. <…> Ёлғон маълумот тарқатиш ва миллатлараро адоватни қўзғатганлик учун жавобгарликка тортилиб, қамаласиз», — дея огоҳлантирди Ўрунбеков.
Унинг таъкидлашича, Президент администрацияси ҳузуридаги Вазиятлар марказининг мониторинг бўлими жамиятда ксенофобияни қўзғатиш учун фойдаланилаётган ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни аниқламоқда. Шунингдек, бундай фойдаланувчилар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш олиб бормоқда.
Амалдорнинг айтишича, обрўсизлантиришга қаратилган постларга қарамай, темир йўл (эҳтимол, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли назарда тутилган) барибир қуриб битказилади, заводлар эса барпо этилади. Чунки «биз саноати ривожланган, иқтисодиёти кучли, иш ҳақи ва ижтимоий имтиёзлари юқори бўлган мамлакатда яшашимиз керак».
Бир неча кун аввал Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига интервью берди. Суҳбат деярли тўлиқ мамлакат ҳокимиятининг хорижий инвесторлар ва чет эллик ишчилар билан муносабатларига бағишланди. Давлат раҳбари, жумладан, Ер кодексида ер участкаларини хорижий компанияларга узоқ муддатли ижарага беришга оид меъёрни изоҳлади. Жапаровнинг таъкидлашича, қонунга мувофиқ, чет эл фуқаролари ер участкасини мулк қилиб сотиб олиши мумкин эмас. Улар фақат белгиланган муддат давомида ердан фойдаланиш, ижара ҳақини тўлаш ва шартноманинг бошқа шартларига риоя қилиш ҳуқуқига эга. Ер эса давлат мулки бўлиб қолаверади, деди президент.
Унинг қайд этишича, бугунги кунда Қирғизистонга хориждан янги заводлар қурилиши ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган мутахассислар ҳамда ишчилар келмоқда. Жапаров «вазият назоратдан чиқиб кетган» деган фикрга қўшилмайди. Аксинча, унинг сўзларига кўра, миграция сиёсати соҳасида қатъий назорат ўрнатилган. Масалан, сўнгги ойларда қонунни бузган қарийб уч минг нафар хорижий фуқаро республикадан чиқариб юборилган. Яқин вақт ичида яна 100 нафар чет эллик депортация қилиниши кутилмоқда.
«Албатта, жамият томонидан билдирилаётган танқидлар асоссиз эмас. Айрим ҳолатларда хорижий фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари маҳаллий аҳолида ҳақли норозилик уйғотган. Биз бу фикр-мулоҳазаларни диққат билан тинглаймиз ва тегишли чораларни кўрамиз», — дея хулоса қилди президент.
Давлат раҳбари алоҳида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш масаласига ҳам тўхталиб, улар ҳам доимий яшаш учун эмас, балки муайян вазифаларни ҳал қилиш учун келаётганини таъкидлади. Жапаров Бишкек шаҳрида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилиши мисолини келтирди. У ерда 500 нафар хитойлик муҳандис меҳнат қилган. Объект фойдаланишга топширилгандан сўнг, хорижликларнинг асосий қисми ўз ватанига қайтган. Ҳозир эса бу ерда Хитойдан келган беш нафар мутахассис ишлаб, маҳаллий ходимларга таълим бермоқда.
Бундан ташқари, республика раҳбари «меҳнат муҳожирлари» ва «сайёҳлар»ни аралаштириб юбормасликка чақирди, чунки бирлари пул ишлаш учун, бошқалари эса пул сарфлаш учун келади. Жапаровнинг сўзларига кўра, сўнгги бир ярим йил ичида Қирғизистонга Хитой туристик визалари орқали 370 мингдан ортиқ киши ташриф буюрган. Агар ҳар бир меҳмон ўртача 500 доллар сарфлаганини ҳисобга олинса, фақат туризм соҳасига — меҳмонхоналар, кафелар, ресторанлар ва транспорт хизматларига — 180 миллион доллардан ортиқ маблағ келиб тушган. Президент таъкидлашича, бу маблағлар тўғридан-тўғри маҳаллий тадбиркорлар даромадига айланган.



