Ўзбекистонда илк бор ўтказилган футзал бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Бразилия терма жамоаси олтинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Финал учрашувида бразилияликлар Жанубий Американинг яна бир жамоаси Аргентинани 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Украина терма жамоаси Францияни 7:1 ҳисобида мағлуб этди ва тарихда илк бор жаҳон чемпионати совриндори бўлди.
Финал ва учинчи ўрин учун баҳс 6 октябрь куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтди.
Футзал бўйича жаҳон чемпионати тарихида илк бор Марказий Осиёдан учта жамоа иштирок этди: Ўзбекистон, Қозоғистон ва мусобақа дебютанти Тожикистон.
Қозоғистон терма жамоаси чорак финал босқичига чиқолди ва Аргентинага 1:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Қозоғистон жамоасининг ютуғи мухлислар томонидан иккитомонлама қабул қилинди: бир томондан, Қозоғистон термаси дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлгани боис, трибуналардан ўзбекистонлик мухлислар қўллаб-қувватлаган тақдирда жамоа медаллар соҳиби бўлиши кутилганди; бошқа томондан Қозоғистон терма жамоаси фақат финалчига мағлуб бўлди ва УEФА рейтингида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлай олганди ва иккинчи ўринни эгаллаб турганди.
Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари гарчи юқори савияда ўйин кўрсатишган бўлса-да, плей-оффга чиқа олишмади.
Спорт эксперти, Жаҳон чемпионати ташкилотчилари гуруҳи аъзоси Алишер Никимбаев Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов билан суҳбатда таъкидлаганидек, ФИФАнинг бошқа турнирларини ўтказиш учун аризалар топшириш зарур.
«Бу имкониятни қўлдан чиқармаслмк зарур. Турли ташкилотлар ходимлари ва кўнгиллилар бой тажриба орттиришди, мотивация олишди ва илҳомланишди. Бундан ташқари, янги турнирлар инфратузилмани яхшилайди ва географияни кенгайтиради. Бухоро ва Андижондан кейин Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган ҳам ФИФА турнирлари таъмини тотиб кўриши керак», — деди Никимбаев.
Жаҳон чемпионатида Осиё, Африка, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Океаниядан 24 та жамоа иштирок этди. Жамоалар 4 тадан 6 та гуруҳга бўлинганди. Гуруҳларида дастлабки икки ўринни эгаллаган иккита жамоа, шунингдек, ўз гуруҳларида учинчи ўринни эгаллаган тўртта жамоа плей-офф босқичига йўл олди. Турнир 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди.