Толиблар ўзбек компанияси билан газ конини ўзлаштириш бўйича 1 миллиард долларлик шартнома имзолади

AMU.TV САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати Кобулда ўзбек компанияси билан 1 миллиард долларлик шартнома имзолади, деб хабар беради TOLOnews толиблар ҳукуматидаги Кон ва нефть саноати вазирлигига таяниб.

Шартнома Афғонистон шимолидаги Жаузжон вилоятидаги Тотимайдон (Totimaidan) конида табиий газни қидириш ва қазиб олишни кўзда тутади.

Шартнома 10 йил муддатга имзоланган. Унга кўра, Ўзбекистон компанияси биринчи йили 100 миллион доллар, қолган 900 миллион долларни эса кейинги тўққиз йилда киритади. Дастлабки икки йилда ишлаб чиқарилган газ 100 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.

Ҳужжатни имзолашда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев иштирок этди.

ℹ️ Тотимайдон кони азалдан Марказий Осиёдаги энг истиқболли табиий газ манбаларидан бири ҳисобланиб келган. Унинг заҳиралари Туркманистон билан чегарагача бўлган 7000 квадрат километрга яқин майдонни эгаллайди. Мутахассисларнинг фикрича, Тотимайдоннинг ўзлаштирилиши Афғонистонни ҳам энергетик мустақиллик, ҳам экспорт бозорлари билан таъминлайди, маҳаллий электр энергетика саноатини тиклаш ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ёрдам беради.

Афғонистоннинг собиқ ҳукумати конни 2014 йили тендерга қўйган, 2015 йил ноябрида эса энергетика компаниялари консорциуми (ТРАО нефт корпорацияси, Calik Enerji компанияси (иккаласи Туркиядан) ва афғонларнинг Bayat Energy компанияси билан маҳсулот тақсимоти бўйича шартнома имзолаган эди. Бироқ, шартнома тўлиқ имзоланмаган, музокаралар 2018 йили якунланган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ