Қозоғистоннинг Каспий денгизи соҳилида жойлашган Манғистау вилоятида мингдан ортиқ тюленлар нобуд бўлган. Охирги уч ҳафта давомида уларнинг жасадлари топилди, деб хабар беради КТК телеканали.
Дастлаб Тупқораган ҳудудида ўлик тюленлар топилган. Ҳозирда тюлен жасадлари Қорақиян туманида ҳам йиғилмоқда, Ақтауда ҳам шундай манзарага дуч келиш мумкин. Бугунги кунга қадар 1034 дона тюлен нобуд бўлгани ҳужжатлаштирилган. Ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Балиқчилик инспекцияси баъзи ҳайвонлар браконерлар тўрларига ўралган ҳолда топилганини таъкидлайди, бироқ тўрларни бундай ўлатнинг асосий сабаби деб бўлмайди.
Айни пайтда, «Гидробиология ва экология» институти директори Мирғали Баймукановнинг ТАССга айтишича, мутахассислар бундай кўп ўлик тюленларни биринчи марта қайд этишмоқда.
«Ўлик ҳайвонлар жасадларининг соҳилга сизиб чиқиши тўхтамаслиги мумкин, бу бизнинг қирғоқларда эсаётган ғарбий шамоллар билан боғлиқ ва кўпроқ жасадлар пайдо бўлишини кутишимиз керак», — дея қўшимча қилади у. Агентлик суҳбатдоши, шунингдек, тюленлар ўлимига нима сабаб бўлганига жавоб беришга қийналиб, бунинг учун «кўп томонлар иштироки зарурлигини» таъкидлайди. «Бунга қандайдир ифлос чиқиндилар, сейсмик фаоллик кўринишидаги табиий офатлар бўлиши мумкин, яъни геологлар ўз сўзини айтиши керак. Вирусологлар ўз фикрини айтиши, ҳайвонларда ўлимга олиб келадиган вирус бор-йўқлигини аниқлаши керак», — дейди Баймуканов.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир тюленнинг ўлими ушбу жониворлар популяциясига катта зарар келтиради. «Биздаги маълумотларга кўра, 30-50 ёшгача яшаётган тюленлар сони жудаям кам. Ўрта ёшдаги ҳайвонлар нобуд бўлишади, улар мазкур жониворлар кўпайишида муҳим рол ўйнаши мумкин эди. Агар ёш тюленлар нобуд бўлса, бу ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир», — дея хулоса қилади Баймуканов.
Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Олимларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда Каспий денгизининг Қозоғистон сектори сувларида 240 мингдан ортиқ шу турдаги жонивор яшайди. Бу ҳайвонларнинг оммавий ўлими деярли ҳар йили содир бўлади. Мутахассислар бунга сабаблар сифатида юк ташиш, денгиз ифлосланиши, микропластмассалар ва тюленлар чигаллашиб қолиб, оқибатда нобуд бўладиган балиқ овлаш тўрлари мавжудлигини кўрсатадилар.