Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек (Раим) Матраимов мамлакат бюджетига 19,5 миллиард сом (тахминан 200 миллион доллар) тўлаган ва ўз аризаси билан ҳибсдан озод қилинган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев парламентдаги йиғилишда маълум қилди, дея хабар AKIpress.
Ташиевнинг эслатишича, Матраимовга учта модда: давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, безорилик ва жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича айблов қўйилган. Унинг иши бўйича тергов 8 ой давом этган.
«У давлатга 200 миллион доллар тўлаб, озодликка чиқди, бу 2 миллион ёки 20 миллион доллар эмас, бу жуда катта пул, 17 миллиард сом, ундан олдин деярли 2 миллиард сом тўлаганди. Жами — 19,5 млрд.», — дея МХДҚ раҳбари сўзларини келтиради «Кабар» нашри.
Ташиев тўловлар нафақат нақд пулда, балки мулкий шаклда ҳам амалга оширилганини таъкидлайди. Шу билан бирга, мулк қиймати камроқ қийматда баҳоланган. Масалан, Чингиз Айтматов шоҳ кўчасида 53 миллион долларга баҳоланган 14 қаватли бизнес маркази 32 миллион долларга қабул қилинган. Бино ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун шифохона сифатида ишлатилади.
Ўшда бизнес марказлари ва қурилаётган хонадонлар Матраимовдан бир квадрат метри 1200 доллар нархида тортиб олинган, гарчи уларнинг «квадрат» нархи 1700 долларга етган. «Ҳаммаси Давлат мулк қўмитасига топширилди. Кейинчалик улар қимматроқ сотилади», — деб тушунтирди Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, Матраимов иши бўйича суд жараёни яқин кунларда бўлиб ўтади. У жаримага тортилиши ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. МХДҚ раҳбари тўланган суммани ҳисобга олиб, «уни ҳибсда сақлашдан маъно йўқ», деб таъкидлайди.
ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йили унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси бўйича судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 2 миллиард сом (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.
Кейинроқ МХДҚ унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналист терговчиларнинг материаллари сабаб бўлган. Унда, жумладан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлигини айтилган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.
Жорий йил март ойи охирида собиқ божхоначи Озарбайжондан ватанига экстрадиция қилинган ва ҳибсга олинган.