Россияга кириб келаётган чет элликларнинг биометрик маълумотларини йиғиш тажрибаси 1 декабрдан бошланади

Фото с сайта tass.ru

Россия ҳукумати чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтишида биометрик маълумотларини йиғиш бўйича кенг кўламли тажрибани маъқуллади. Тегишли фармонни Бош вазир Михаил Мишустин имзолади, дея хабар беради ТАСС.

Тажриба 2024 йил 1 декабрдан 2026 йил 30 июнига қадар икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда биометрик маълумотлар Москванинг тўртта аэропортида (Домодедово, Шереметьево, Внуково ва Жуковский) ҳамда Қозоғистон билан чегарадаги Оренбург вилоятидаги «Маштаково» автомобиль назорат пунктида йиғилади. Визасиз мамлакатлардан келган фуқаролар суратга тушади ва улардан бармоқ излари олинади.

2025 йил 30 июндан бошлаб иккинчи босқич бошланади, бу босқичда хорижликлар Россияга визасиз киришга рухсат олиш учун махсус ариза орқали биометрик маълумотларини олдиндан топширишлари мумкин бўлади.

РФ Рақамли ривожланиш вазири Мақсут Шадаевнинг тушунтиришича, бу амалиёт Шенген визаларини олишда узоқ вақтдан бери қўлланилган ва хавфсизлик даражасини оширишга ёрдам беради. Тажриба муваффақиятли ўтса, бундай қоидаларни мунтазам жорий этиш режалаштирилган.

Янги талаблар Беларусь фуқароларига, 6 ёшгача бўлган болаларга, Россияда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар дипломатлари ва ходимларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига нисбатан қўлланилмайди.

ℹ️ Чет элликлар учун мажбурий биометриянинг жорий этилиши Россияда миграция қонунчилигини кучайтиришга қаратилган умумий тенденциянинг бир қисмидир. Илгари хорижликлар учун сим-карталар сонини чеклаш ва миграция режимини бузганлар учун «махсус депортация» режимини жорий қилишга оид қонунлар қабул қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ