Ўзбекистонда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «жисмоний тарбия ва спорт куни» сифатида белгиланади

Ўзбекистонда ҳар пайшанба «жисмоний тарбия ва спорт куни» сифатида белгиланиши мумкин. Бундай ташаббус 21 ноябрь куни Республика Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишганида илгари сурилди.

Мутасаддиларнинг қўшимча қилишича, спорт мактаблари ходимларига ҳам устама тўловларни белгилаш кўзда тутилган. Бундай ҳолда, мукофот миқдори машғулотларга жалб қилинган одамлар сонига ва натижаларга боғлиқ бўлади.

Бундан ташқари, тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.

Жамоавий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан тегишли идоралар вакиллари «Маҳалла лигаси», «Мактаблар лигаси» мусобақаларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Университетларда клублар ташкил этиш ва улар ўртасида мунтазам равишда қуйидаги турнирларни ўтказиш зарур:

✅ «Талабалар лигаси»;

✅ «Вазир кубоги»;

✅ «Ректор кубоги».

Жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. ERP Sport электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади.

Тақдимотда Ўзбекистонда ёш авлод учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Жумладан, мамлакат бўйлаб ўқув ва меҳнат жамоаларида доимий равишда турли мусобақалар ўтказилиб, бунинг натижасида 10 миллиондан ортиқ киши оммавий спорт билан шуғулланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ