Туркиялик етти нафар мутахассис Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш билан шуғулланади

Туркиялик мутахассислар. Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун Туркиядан етти нафар мутахассисни таклиф қилди. Барча хорижликлар бой халқаро тажриба ва юқори малакага эга мутахассислардир, деб хабар беради Марказий Осиё Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мутасадди раҳбарлар олдига бир қатор долзарб вазифаларни қўйган бўлиб, улардан асосийси аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишдир. Шу муносабат билан тегишли идора Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида туркиялик экспертлар гуруҳини ислоҳотларни амалга оширишга жалб қилди.

Етти мутахассиснинг ҳар бири қуйидаги йўналишлардан бири учун жавобгар бўлади:

✅ бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш;

✅ тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш;

✅ шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш;

✅ тиббий хизматларни режалаштириш;

✅ фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминотини ривожлантириш;

✅ тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш;

✅ шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш.

Қайд этилишича, гуруҳ раҳбари Ҳасан Чагил 2003-2013 йиллари турк тиббиётини трансформация қилишда иштирок этган. Натижада қисқа муддатда мамлакат тиббиёти 2000 йиллар бошидаги аҳволи оғир соҳадан ривожланган тизимга айланган. Айтганча, бу мутахассис Европа ва Осиёнинг турли мамлакатларидаги ҳамкасбларига маслаҳат бериш тажрибасига эга. Ўзбекистонда шифокор Чагил тиббий суғурта тизимини жорий қилиш учун масъул бўлади.

Айни дамда хорижликлар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан биргаликда ҳудудларга ташриф буюриб, шифохона ва поликлиникалар фаолиятини жойида ўрганишмоқда. Келгусида ана шу таҳлил, таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳотига оид қисқа, ўрта ва узоқ муддатли «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши режалаштирилган.