30 ноябрь куни Абу-Даби аэропортига учиб келган 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) чегарачилари томонидан мамлакатга киритилмади, деб ёзади «Газета.uz».
Йўловчиларнинг сўзларига кўра, Wizz Air авиакомпаниясининг 5W7160 рейси билан Тошкентдан учиб келган яна 60 киши ҳам киритилган. Улар орасида 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар БААга турли мақсадларда: туризм, бизнес учрашувлари, қариндошлариникига ташриф буюриш учун учиб боришган.
Ушлаб турилганлар ўз ҳуқуқлари қўпол бузилганини таъкидлашган. 15 соатдан кўпроқ вақт давомида улар аэропорт биноларида озиқ-овқат, сувсиз қолишган ва ҳожатхонадан эркин фойдалана олишмаган. Уларнинг паспортлари ҳеч қандай тушунтиришсиз олиб қўйилган. Кейинчалик, эркаклар шароити қониқарсиз бўлган ертўлага кўчирилган.
Wizz Air вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва БАА ўртасида визасиз режим жорий этилганидан – яъни 2024 йил 16 февралдан буён илк бор шундай ҳолат юз берган. Унинг таъкидлашича, мамлакатга киритиш тўғрисидаги қарорни авиакомпания эмас, балки чегара хизмати қабул қилади.
Мамлакатга киритилмаган одамларнинг кўпчилиги қайтиш чипталарини ўзлари сотиб олишга мажбур бўлган. Айрим йўловчилар жумладан, Амирликдаги спорт ва маданий тадбирларга сотиб олган чипталарга қўшиб, анчагина моддий зарар кўрганини айтишган.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси «номаълум сабабларга кўра» 31 фуқаронинг аэропортда ушлаб турилганини тасдиқлаган. Дипломатлар аэропорт маъмурияти ва Амирликнинг масъул бўлимлари билан мулоқот ўтказаётганликларини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, ушлаб турилган кимсалар уч маҳал овқат билан таъминланган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўзбекистон элчихонаси муаммони ҳал этиш учун барча чораларни кўраётганини маълум қилган.
Одамларни мамлакатга оммавий киритмаслик ҳолати яқинда БААда исроиллик раввин Цви Коганнинг ўлдирилиши фонида юз берди. Маълумки, жиноятда Ўзбекистоннинг уч фуқароси гумон қилинмоқда.