Остона туманлараро иқтисодий суди Қозоғистон Энергетика вазирлиги тузилмаларидан бирининг даъвоси юзасидан Кашаған конини бошқарувчи North Caspian Operating (NCOC) консорциумини 3,55 миллиард тенге (6,7 миллион доллар) тўлашга мажбур қилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига асосланиб Vlast.kz хабар берди.
Судга даъво аризаси авария ҳолатларидан ташқари ҳар қандай вазиятда хом газни ёқишни тақиқлаш тўғрисидаги бир неча бор огоҳлантиришлардан сўнг киритилган. Қонунга кўра, дастлаб иш халқаро арбитражда кўриб чиқилишини талаб қилган NCOC жарима қарори устидан шикоят қилиши мумкин.
Бу Қозоғистон ҳукумати томонидан консорциум аъзоларига қарши қўзғатилган бир неча даъволардан бири ҳисобланади. 2023 йил март ойида республика ҳукумати Қашағанда ҳаддан ташқари кўп олтингугурт сақлангани учун North Caspian Operating Companyга 2,3 триллион тенге (4,8 миллиард доллар) миқдорида жарима солганди. Иш Қозоғистон Олий судига етиб борган ва кон оператори ўз айбини тан олмаган.
Қозоғистон, шунингдек, халқаро арбитражга Кашаған ишлаб чиқарувчиларига етказилган зарарни қоплаш бўйича даъво аризаси билан чиққан. Уларнинг умумий миқдори ҳозирда 160 миллиард доллардан ошади, деб ёзади Bloomberg. Ушбу сумманинг катта қисмини йўқотилган фойда ташкил этади, шунингдек унга атроф-муҳитга етказилган зарар ва коррупция билан боғлиқ йўқотишлар ҳам киради.
Кашаған Каспий денгизининг Қозоғистон секторидаги биринчи денгиздаги нефть ва газ кони ҳисобланади. Унинг захираси 9 миллиарддан 13 миллиард баррелгача нефтни ташкил қилади. NCOC — Қашағаннинг оператори ҳисобланади. Консорциум таркибига қуйидагилар киради: KMG Kashagan B.V. (16,877%), Shell Kazakhstan Development B.V. (16,807%), Total EP Kazakhstan (16,807%), AgipCaspian Sea B.V. (16,807%), ExxonMobil Kazakhstan Inc. (16,807%), CNPC Kazakhstan B.V. (8,333%) ва Inpex NorthCaspian Sea Ltd.