HRW барча Марказий Осиё республикаларида инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини аниқлади

aa.com.tr сайти фотосурати

Human Rights Watch (HRW) экспертлари 2024 йили Марказий Осиёнинг барча бешта постсовет республикасида ҳукумат ўзгача фикрловчиларни бостиришга қаратилган чораларни, шунингдек, сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтирганини тан олди. Жумладан, ҳукумат танқидчилари, фаоллар ва журналистларни қамоққа ташлаш орқали. Бундай хулоса ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилган, дейилади халқаро ташкилот сайтида.

HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсоннинг айтишича, ҳисобот даврида минтақа расмийлари ҳукумат сиёсатига рози бўлмаган фуқароларни «муттасил» қўрқитишган ва уларга босим ўтказишган.

«Борган сари кўпроқ фаоллар сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани ёки тинч мухолифат фаолияти учун панжара ортига ташланар экан, уларнинг озод этилиши талаблари билан бир қаторда улар билан содир бўлаётган воқеаларга эътибор тобора долзарб бўлиб бормоқда», — дейди эксперт.

Маърузачилар ҳар бир республикада инсон ҳуқуқлари бузилаётганига доир мисолларни келтиришган. Таъкидланишича, Қозоғистонда судлар журналист Думан Муҳаммадкарим ва мухолифатчи Асилбек Жамуратовни «экстремизм бўйича ўта кучли айбловлар билан» етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. HRW экспертларига кўра, мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари эркинлигига таҳдид соладиган янги ОАВ қонуни ҳам хавотир уйғотади.

Қирғизистонда ҳокимиятнинг энг юқори поғонасидаги коррупцияни фош этувчи Temirov Live медиа лойиҳасига алоқадор журналистлар устидан шов-шувли суд маҳкамаси ажралиб туради. Иш бўйича ўн бир айбланувчидан иккитаси «оммавий тартибсизликларга чақирувлар» айблови билан олти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, суд қарори билан «Клооп» ахборот веб-ресурсини бошқарувчи фонд тугатилган. Ташкилот ноқонуний фаолият олиб бораётганликда айбланиб, таъқибга учраган.

Тожикистон ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботида Тоғли Бадахшондаги воқеаларни ёритиб келаётган журналист Анора Саркорова ҳамда республикада сўнгги мустақил газеталардан бири «Пайк» бош муҳаррири Аҳмади Иброҳимга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши муносабати билан тилга олинган. Бундан ташқари, ўтган йил давомида бир неча ОАВ вакиллари амалдаги ҳукуматни танқид қилган мақолалар учун қамоққа олингани қайд этилган.

Туркманистон сўз эркинлигини чеклаш ва ахборот олиш устидан қаттиқ назорат ўрнатишда давом этмоқда, дейилади HRW ҳисоботида. Бу республика мутасаддилари фуқароларнинг чет элга чиқишини асоссиз равишда тақиқлаб қўйгани ва хоҳловчиларга чет эл паспортини беришдан узрли сабабларсиз бош тортаётгани билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Айни пайтда хавфсизлик кучлари сиёсий фаол туркман фуқароларини ватанига депортация қилиш масаласида бошқа давлатлардаги ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон расмийлари фаолларни асоссиз айбловлар билан таъқиб қилган. Масалан, Қашқадарё вилояти суди Дилдора Ҳакимовани олти ва Наргиза Келдиёровани олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилган. Бундан ташқари, Республика Олий суди Нукусдаги тартибсизликлар иши бўйича узоқ муддат қамоқ жазосини ўтаётган журналист Даулетмурат Тажимуратовнинг апелляциясини рад этган.

Хулосада HRW Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини ноҳақ қамоққа олинган фаолларни озод қилишга ва ўз мамлакатларида сўз эркинлиги ҳурмат қилинишини таъминлашга чақиради.

ℹ️ Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон ҳисоботининг 35-нашрида Human Rights Watch экспертлари юздан ортиқ мамлакатлардаги вазиятни таҳлил қилганлар. Ташкилот ижрочи директори Тирана Ҳасан сарҳисоб қилишича, ўтган йили кўплаб мамлакатларда расмийлар сиёсий рақиблар, фаоллар ва журналистларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ