Тўқаев Қозоғистонда ядро кластерини яратиш бўйича топшириқ берди

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республикадаги биринчи атом электр станцияси қурилишини тезлаштириш ва иккинчи атом электр станцияси қурилиши учун жой қидиришни бошлашни буюрди. Бу ҳақда у 28 январь куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

«Энергетика тақчиллиги ошиб бораётган бир шароитда биз биринчи АЭС қурилишини жадаллаштиришимиз ва умуман, мамлакатда ядро кластерини яратишни бошлашимиз керак. Бу мамлакатимиз тараққиёти йўлида муҳим вазифадир», — деди Тўқаев Вазирлар Маҳкамаси ва «Самрук-Казына» жамғармасига атом энергетикасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бераркан.

«Ҳар томонлама таҳлиллар асосида бўлажак атом электр станцияларини қуриш учун энг қулай жойлар, шунингдек, замонавий ва хавфсиз технологиялар белгиланиши керак. Ҳукумат ва парламентдан иккинчи АЭС қурилиши бўйича таклифларни кутиб қоламан. Яна бир бор таъкидлайман: мамлакатимиз атом энергетикасига муҳтож, бусиз Қозоғистоннинг изчил ривожланиши сўроқ остида қолади», — деди президент.

Ўз навбатида, Бош вазир Олжас Бектенов яқин вақт ичида Олмаота вилоятида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича зарур келишувларни тузишга ваъда берди. «Ҳудудларда иккинчи ва учинчи атом электр станцияларини қуриш жойларини аниқлаш бўйича таҳлил ишлари ҳам якунланмоқда», — деди Бош вазир.

Ўтган йил кузида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтганди ва унда сайловчиларнинг 71,12 фоизи бу ғояни қўллаб-қувватлаган эди. Станцияни Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида, Балхаш кўли қирғоғида қуриш режалаштирилган.

Хабар берилганидек, қурилишни халқаро консорциум амалга оширади, аммо кимлар унинг таркибига кириши ҳозирча номаълум. Потенциал технология етказиб берувчилар рўйхатига аввалроқ тўртта компания киритилган: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг Росатом ва Франциянинг EDF компанияси. Консорциум иштирокчилари бўйича қарор 2025 йилнинг биринчи ярмида қабул қилиниши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида