Толиблар Афғонистондан ўғирлаб кетилган вертолётлар АҚШга топширилганига қарши чиқишди

amu.tv сайти фотосурати

Толиблар* ҳукумати Мудофаа вазирлиги 2021 йил август ойида афғон учувчилари томонидан Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган еттита вертолётнинг Америка Қўшма Штатларига топширилишига қарши чиқди. Бу ҳақда «Бахтар» агентлиги хабар берди.

Мудофаа вазирлиги вертолётлар Афғонистонга тегишли эканини, чунки улар мамлакатнинг аввалги ҳукумати қулаганидан сўнг қўлга киритилганини маълум қилди. Вазирлик вертолётларнинг АҚШга берилишини номақбул деб ҳисоблайди ва афғон халқи ҳимояланиш ва ўз ҳарбий ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган. Толиблар Қўшма Штатларни вертолётларни Афғонистонга қайтаришга чақириб, афғон халқи ҳуқуқларини ҳурмат қилиш қўшни давлатлар ва халқаро ҳамкорлар учун устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлашган.

Толиблар Мудофаа вазирлигининг баёноти Ўзбекистон АҚШга еттита Black Hawk вертолётини жўнатгани ҳақидаги хабарларга жавобан янгради. Бу афғон учувчилари 2021 йил август ойида «Толибон»* раликал ҳаракатининг жадал олға силжиши пайтида ўз хизматдошлари ва оила аъзоларини Ўзбекистон ва Тожикистонга эвакуация қилишда фойдаланилган авиатехниканинг бир қисмидир. Мазкур авиатехникалар бир вақтлар Вашингтон томонидан афғон армиясига топширилган. Пентагон маълумотларига кўра, ўғирлаб кетилган 46 та самолёт ва вертолёт Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда бўлган.

2022 йил апрелида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев авиатехникалар Америка ҳукуматига қайтарилишини, зеро у АҚШ ҳукумати пулига олинганини таъкидлаган эди.

2022 йил январь ойида Афғонистоннинг собиқ ҳукумати 164 та ҳарбий самолётга эга бўлгани, бироқ расмийлар ва баъзи учувчилар қочиб кетганидан сўнг, мамлакатда 81 таси қолгани, улардан 41 таси яроқли экани хабар қилинганди.

Толиблар Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар 2001 йилдан бери Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларини қўллаб-қувватлаш учун 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).