Остонада МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимовнинг уйи кимошди савдосига қўйилди

Карим Масимовга тегишни уй сурати. Vlast.kz сайти фотосурати

Остонадаги Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Масимовга тегишли турар-жой биносини InformBYuRO.kz нашрига кўра, қайтарилган активларни бошқарувчи компания томонидан сотувга қўйилган.

Ертўла қаватига эга бино Нура тумани, Ерейментау, 1 манзилида жойлашган. Унинг бошланғич нархи 1,8 миллиард тенге (3,5 миллион доллар). Кўчмас мулк учун ким ошди савдоси 25 февраль куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Уй суратлари 2022 йили Карим Масимов ҳибсга олинганидан сўнг МХҚ томонидан чоп этилган кадрларга мос келади. Ўшанда қўмита собиқ раисига давлатга хиёнат қилишдан ташқари, коррупция, жумладан, кўчмас мулкни ноқонуний эгаллаш бўйича ҳам айблов қўйилганди. Тергов маълумотларига кўра, Масимов Бош вазир бўлиб ишлаган вақтида бизнес тузилмалари биридан пойтахтда ер участкасига эга элита меҳмон уйини олган. У ҳибсга олинганидан сўнг, уйдан 17,2 миллион доллар нақд пул, шунингдек, «кўплаб ҳашаматли буюмлар: қимматбаҳо соатлар, олтин ёмбилари, антиқа буюмлар ва кўплаб бошқа бошқалар» мусодара қилинган.

Карим Масимов 2022 йил 8 январида ҳибсга олинган. Бир неча кун аввал 2016 йил сентябридан буён ишлаб келаётган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган эди. Масимов мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ва биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин одамларидан бири ҳисобланган. Бир неча йиллар давомида у Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва Қозоғистон президентининг ёрдамчиси лавозимларида ишлаган, мамлакатнинг собиқ бош хавфсизлик хизмати ходимига қарши иш «махфий» деб топилган.

2023 йил апрель ойи охирида Остона суди Масимовни давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш, ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. У ҳукм устидан шикоят қилмоқчи бўлган, бироқ апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ