Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Жанибек туманида дрон қолдиқлари топилди. Бу сўнгги ойларда минтақада топилган учинчи дрон ҳисобланади, деб ёзади Orda.kz.
Ғарбий Қозоғистон вилоятида номаълум дрон қулагани ҳақидаги дастлабки маълумотлар 24 март куни кечқурун пайдо бўлди. 25 март куни эрталаб вилоят ички ишлар бошқармаси «учувчисиз учиш аппарати парчаларига ўхшаш нарсалар топилгани муносабати билан» текширув ишлари олиб бораётганини маълум қилди.
«Объект аҳоли пунктларидан узоқда, чекка ҳудудда топилган», — деб таъкидлайди бошқарма.
Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Жанибек тумани Россия Федерациясининг Волгоград ва Саратов вилоятлари билан чегарадош. Саратов вилоятига яқинда Украина дронлари ҳужум қилганди ва Энгельс шаҳридаги аэродромга зарба берганди.
Бу сўнгги ойларда Қозоғистон ҳудудига қулаб тушган учинчи дрон (ҳеч бир ҳолатда унинг кимга тегишли экани кўрсатилмаган) ҳисобланади. Март ойи бошида Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Тасқала туманида учувчисиз учиш аппарати топилган эди. Февраль ойида Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Бокейордин туманида дрон қулаб тушганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 399-моддаси «Маълумотни яширин равишда қўлга киритиш учун махсус техник воситаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ишлаб чиқариш, эгаллаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» билан иш қўзғатилган. Бироқ, «Уральская неделя» нашрининг ёзишича, полиция ҳанузгача терговга оид ҳеч қандай маълумот бермаган.